Кондиционерли купеда кондиционердан дарак йўқ. Йўловчилар норози (видео)
Жамият
−
13 Июль
13142Ижтимоий тармоқда кеча, 12 июль куни бир нечта ўзбек киноси ва эстрадаси юлдузлари йўловчи поезднинг ички шароити ёмонлиги, жумладан, совитиш тизими ишламаётгани, шунингдек, том қисмидан қум тушиб, димоғига кираётганидан шикоят қилгани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, бир гуруҳ санъаткорлар поездда сафарга чиққан, уларга кондиционери бор купе учун чипта сотилган, лекин ҳеч қандай кондиционер бўлмаган, балки купеда ҳаво жуда иссиқ бўлган. Шу сабабдан актёр Алишер Узоқовнинг бурни қонаган.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖнинг билдиришича, мазкур йўловчи вагон 1991 йилда қурилган бўлиб, ўрнатилган тартибда ўз муддатларида техник таъмирлардан ўтказилган. Ушбу вагонга ўрнатилган совитиш тизими, техник шартларига кўра, ташқи ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқорилаб кетганда, тизимнинг совитиш самарадорлиги йўқолган.
“Ҳозирги кунларда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли айрим вагонларнинг совитиш тизимларида носозликлар кузатилмоқда. Видеолавҳага туширилган поезднинг йўл давомида ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқорилаб кетганлиги сабабли совитиш тизимининг компрессор ускунаси ишламай қолган, натижада вагон совитилмаган. Поезд Тошкент-Жанубий вокзалига етиб келганидан сўнг, унга қўшимча қилиб соз ҳолатдаги вагон уланди ва йўловчилар ушбу вагонга ўтказилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, “Ўзтемирйўлйўловчи” XX асрда ишлаб чиқарилган йўловчи вагонларни совитиш тизимлари, ички интерьери, электр тизимлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун керакли чораларни кўрган ҳолда, сифатли бўлган техник жиҳозларни ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётганлигини ва вагонлар босқичма-босқич модернизация қилинаётганлигини, охирги 1 йил давомида замонавий талабларга мос бўлган 27 та йўловчи вагонлар харид қилинганлигини маълум қилган.