Самолётлар Афғонистон ҳаво ҳудудини айланиб ўтишни бошлади
Олам
−
16 Август 2021
10560“Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин Миллий ҳаво ҳудудини ҳам қўлга олди. Шу сабабли Афғонистон авиация маъмурлари бугун, 16 август куни транзит самолётларга йўналишларини ўзгартириб, мамлакатдан узоқроқ туришни тавсия қилди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Қобул аэропорти АҚШ қўшинлари томонидан назоратга олинган. Бугун аэропортда беш киши ҳалок бўлди. Уларни америкалик аскарлар отиб ўлдирган бўлиши ҳам мумкин.
United Airlines, British Airways ва Virgin Atlantic авиакомпаниялари АҚШ Қуролли Кучлари мамлакатни тарк этиб, Ғарб давлатлари эса ўз фуқароларини эвакуация қилишга уринган бир пайтда Афғонистон ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тўхтатган.
Бугун эса Qatar Airways, Singapore Airlines, Lufthansa, Air France KLM, шунингдек, Тайваннинг China Airlines авиакомпаниялари ҳам қатновларни тўхтатган.
Хабарга кўра, Афғонистон фуқаро авиацияси ўз сайтида учувчиларга Қобулдан амалга ошириладиган ҳар қандай ҳаво транзити назоратсиз қолиши мумкинлигини маълум қилган.
“Қобул ҳаво йўллари ҳарбийларга топширилди. Транзит самолётларга йўналишини ўзгартиришни маслаҳат беринг”, дейилади хабарномада.
Маълум қилинишича, сайтдаги хабардан сўнг, баъзи бир рейслар дарҳол қайтиб кетган. Авиақатновларни назорат қилувчи FlightRadar24 сайтининг кўрсатишича, Чикагодан Деҳлига парвозларни амалга оширувчи Air India, Бакудан Деҳлига қатновчи Terra Avia ҳам ўз йўналишини ўзгартириб, мамлакат ҳудудини тарк этган.
LiveБарчаси