Самарқанддаги шифохона ҳожатхонасида ҳомиладор аёлнинг кўзи ёриди (видео)

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 март куни Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида жойлашган шифохонанинг ҳожатхонасида чақалоқ туғилди ва у унинг чуқурига тушиб кетди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг матбуот котиби Элдор Муҳаммадиев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, аёл чақалоқни дунёга келтиргач, ҳолсизланиб, эҳтиётсизлик оқибатида болани ҳожатхона тешигига тушириб юборган. Бола йиғисини эшитган шифокорлардан бири шу атрофда жойлашган туман 1-сон ИИБ бўлими профилактика инспекторларидан ёрдам сўраган. Чақалоқ 2 соат чуқурликда қолиб кетган. Узоқ уринишлардан сўнг ички ишлар органлари ходимлари ҳожатхонанинг орқа томонини қазиб, чақалоқни чиқариб олган.

Чақалоқни олиб чиққан профилактика инспектори Сардор Сафаров “Менинг юртим” телеканалига берган интервьюсида ҳолат ҳақида сўзлаб берган.

“Туйнукни ковлаганимиз сари чақалоқ овози эшитилмай қолаётган эди. Кейин ҳамма ходимлар биргаликда ковлади, тоғли ҳудуд бўлгани учун ер қаттиқ эди. Ҳамма ходимлар киришга тайёр бўлиб турганди, фақат туйнук бироз кичик бўлгани учун мен кирдим. Чақалоқ ёнбош ҳолатда эди, оёғи ва қўли қимирламай, музлаб қолганди. Чиқариб, дарров биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳамшираларга бердик”, дейди у.

Бола ўша куни соат 12:00 атрофида Нуробод туман марказий шифохонасига олиб борилган. Элдор Муҳаммадиевнинг айтишича, айни пайтда унинг ҳолати қониқарли ҳамда шифокорларнинг доимий назорати остида махсус интенсив хонада парваришланмоқда.

Қайд этилишича, 3 килограмм 700 грамм бўлиб туғилган чақалоқнинг онаси бешинчи фарзандига ҳомиладор бўлганини ўзи пайқамаган. Соғлиғидан шикоят қилиб келган аёл буни фарзанди туғилгандагина билган. Чақалоққа эса уни қутқариб қолган ИИО ходимининг исмини қўйишмоқчи.

Аслида Нурободдаги “ноодатий” жойда дунёга келган чақалоқ воқеаси Ўзбекистондаги аксар муаммолардан бири – ҳожатхона муаммоси, уларнинг талаб даражасида эмаслиги, санитария қоидаларига жавоб бермаслигини кўрсатади.

Ҳожатхоналар билан боғлиқ салбий воқеалар охирги пайтларда талайгина учрамоқда. Бундан олдин ҳам ана шунга ўхшаш воқеалар кузатилганди ва ёш болакайлар ҳожатхонага тушиб кетганди. Хусусан, 2024 йилнинг 13 май куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 2 ёшли бола ҳовлисидаги тахминан 5 метрлик ҳожатхонага тушиб кетганди. 25 июль куни эса Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги уйларнинг бирида 1 ёшли бола билан ана шундай ҳолат кузатилганди. 17 октябрь куни ҳам Тошкент вилоятида 1 ёшли қиз ҳожатхонага тушиб кетганди. 31 октябрь куни Андижон вилоятида 1 ёшли бошқа бир қиз ҳожатхонага тушиб кетганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИБ Нуробод тумани Сардор Сафаров шифохона ҳожатхонаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг