Самарқандда юз берган мудҳиш қотиллик бўйича Бош Прокуратура махсус баёнот берди

Жамият

image

Бироз олдин Самарқанд вилояти Қўшработ туманида содир этилган мудҳиш жиноятнинг қотиллари ушлангани ҳақида маълум қилган эдик.

Ушбу ҳолат юзасидан Бош Прокуратура махсус баёноти эълон қилинди. 

Унда маълум қилинишича, фуқаро А.Х. ва унинг оила аъзолари (жами 5 нафар) жасадлари қотиллик аломатлари билан топилганлиги ҳолати юзасидан Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов-тезкор гуруҳи амалга оширган кенг қамровли тадбирлар натижасида жиноят фош этилиб, жиноятни ушбу маҳаллада яшовчи Ғ.Т. (1981 й.т., ишсиз), Ж.У. (1993 й.т., ишсиз), Ш.Э. (1995 й.т., ишсиз) ва Х.Н.(1996 й.т., ишсиз)лар ноқонуний бойлик орттириш мақсадида жорий йилнинг 14 майдан 15 майга ўтар кечаси марҳум А.Х.нинг хонадонига яширинча кириб, уларнинг ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, ўзлари билан олиб келган темир бўлаклари билан бош, юз ва жағ қисмларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдириб, хонадондан 22 млн. сўм ва марҳум Ж.И.нинг “Samsung Galaxy A8” русумли телефонини қўлга киритишган.

Шундан сўнг, улар жиноят изларини яшириш мақсадида марҳум Ж.И.га тегишли “Дамас” русумли автомашинага жасадларни юклаб, автомашинани Қўшработ тумани, “Дўстлик” МФЙ., “Боқичиғатой” қишлоғидаги далага ташлаб кетишган.

Гумон қилинувчилар Ғ.Т., Ж.У., Ш.Э. ҳамда Х.Н.ларнинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, гумон қилинувчиларнинг кўрсатувларини ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракатлари, ашёвий далил тариқасида олинган жиноят қуроллари бўлган 4 дона темир бўлаклари, марҳум Ж.И.га тегишли бўлган “Samsung Galaxy A8” русумли телефон аппарати, марҳумларга тегишли бўлган пул маблағлари, жиноят содир этиш вақтида гумон қилинувчиларнинг эгнида бўлган кийимлари ва бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ тасдиқланмоқда.

19.05.2019 йилда Ғ.Т., Ж.У., Ш.Э. ва Х.Н.лар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “и” ,“п” бандлари билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят

Баҳолаганлар

323

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг