Самарқандда Туркия фуқароси юк машинада пиёдани уриб юборди

3-саҳифа

image

Жиззахдан Самарқандга келган ва маст ҳолда тоғасининг уйидан чиққан фуқаро ЙТҲга учраб вафот этди. Уни Туркия фуқароси юк машинасида уриб юборган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ Aхборот хизмати маълум қилди

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни, тахминан соат 05:00 да Самарқанд вилояти Оқдарё туманидан ўтган Бухоро-Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Туркия Республикаси фуқароси бошқарувидаги юк машина йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган фуқарони уриб юбориб ЙТҲ содир этган. 

Пиёда олган жароҳати сабаб Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, кўрсатилган тиббий хизматга қарамасдан 08:00 лар атрофида ҳаётдан кўз юмган. 

Маълум бўлишича, пиёда Жиззах вилояти фуқароси бўлиб, Самарқанд вилояти “Янгиқўрғон” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи тоғасининг уйига келиб, спиртли ичимлик ичган ва маст ҳолда машиналар қатнови гавжум бўлган катта трассага чиққан. Бу ҳодисага пиёда маст ҳолда йўлнинг белгиланмаган, ўтиш тақиқланган қисмидан кесиб чиққанлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

“Ёмғир ёғаётган тонг эди. Юк машинаси бошқариб кетаётганимда қаршимдан бир инсон чиқиб қолди, машинани тўхтатишга улгурмадим ва уни уриб юбордим. Сўнг зудлик билан тез ёрдам ва полицияга қўнғироқ қилдим. Улар тезда етиб келишди”, дейди юк машинаси бошқарувида бўлган Туркия фуқароси. 

Маълум бўлишича, ЙТҲ содир бўлган йўл қурилганига деярли 40 йил бўлган, маблағ етишмаслиги сабаб уни янги қоплама билан қоплашнинг иложи бўлмаган. 

“ЙТҲ содир бўлган йўл 1982-1983 йилларда қурилган бўлиб ҳозирга қадар тўлиқ таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Фақат ҳар йили қопламада ҳосил бўлган чуқурчаларни ямаш, йўл белгиларини ўрнатиш, эскирган йўл белгиларини алмаштириш каби ишлар амалга оширилган. Ҳодиса рўй берган ҳудудда махсус пиёдалар ўтиш йўлакчаси мавжуд бўлган, лекин пиёда қоидаларга амал қилмасдан маст ҳолатда йўлни кесиб ўтган”,  дейди Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходими Холжигит Умаров.

Юк машинаси ҳайдовчиси ҳужжатлари текширилганда камчиликлар аниқланмаган. ЙТҲ натижасида юк машинасига оз миқдорда моддий зарар етгани айтилмоқда.

Динара Юсупова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ЙТҲ ЙҲХБ ИИБ

Баҳолаганлар

166

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг