Самарқандда тадбиркорларни яланғочлаб, қийноққа солган шахслар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
12 Август 16995 3 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида тадбиркорларни уриб, қўрқитиб, улардан пул талаб қилиб келган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Пайариқ тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олинган маълумотга кўра, 1983 йилда туғилган, муқаддам 5 маротаба Жиноят кодексининг 104-(Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 277-(Безорилик), 109-(Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 219-(Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан судланган фуқаро Ж.А. ўзининг жиноий шериги, 1996 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан судланган фуқаро Б.О. билан биргаликда жиноий йўл билан моддий даромад орттириш мақсадида тадбиркорларга турли туҳматлар уюштириб, уларга руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётгани аниқланган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида Ж.А. ўзига тегишли масъулияти чекланган жамият биносида офис ташкил қилиб, туманда яшовчи фуқароларни турли туҳматлар билан ушбу офисга олиб келиб, уларни яланғочлаб, уриб-дўппослаб, ушбу ҳолатини видеотасвирга олган. Улар видеотасвирларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, жабрланувчилардан пул ёки бошқа моддий қимматликларни қўлга киритиб келгани маълум бўлган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қўлга олинган фуқаро Б.О. кўздан кечирилганда, унинг ёнида оғирлиги 3 граммга яқин бўлган гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, унга тегишли бўлган телефон аппарати холислар иштирокида кўздан кечирилганда, телефон хотирасида Ж.А. ва Б.О. томонидан фуқароларни занжирлар билан уриб, таҳқирлаган ҳолати ёзиб олинган видеотасвир мавжуд экани аниқланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, Ж.А. ҳам қўлга олинган. Унинг офиси кўздан кечирилганда, у ерда фуқароларни қийнаш учун сақлаб келинган металл занжир ва бошқа воситалар мавжудлиги ҳам аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Пайариқ тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 112-(Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 276-(Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) ҳамда 277-(Безорилик) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу шахслардан жабрланганлардан ички ишлар органларига ёки 102 рақамига қўнғироқ қилиш сўралади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “қонундаги ўғри” Бахтиёр Қудратиллаевнинг (“Бахти Ташкентский”) ўғли Бекзод Зафаров билан яқин муносабатда бўлган ва Бахтиёр Қудратуллаев томонидан Самарқанд вилоятига “положенец” қилиб тайинланган шахс раҳбарлик қилаётган уюшган гуруҳга қўшилган шахс 8 йилга қамалганди.
Live
Барчаси