Самарқандда рейд: 22 нафар “тунги капалак” қўлга олинди
Жамият
−
03 Июль 2019
16571Самарқанднинг Оқдарё туманида ўтказилган тунги рейдларда 22 нафар енгил табиатли аёллар ушланди. Бу ҳақда “Zarnews” хабар берди.
Самарқанд вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимларидан иборат гуруҳлар томонидан Оқдарё тумани ҳудудида жойлашган “Делнатали транс”, “Ақсойлар” ва “Тимур сервис” номли тир-паркларда тунги рейд тадбирлари ўтказилди.
Ўтказилган рейд тадбирлари давомида, вилоятнинг шаҳар-туманларидан ҳамда бошқа вилоятлардан келган 22 нафар енгил табиатли аёллар чет эл фуқаролари, яъни автотураргоҳларда дам олиш мақсадида тўхтаган фуқаролар билан автомашина кабиналарида яқин алоқада бўлган вақтида ушланган.
Аёллар Оқдарё туман ИИБга олиб борилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддаси тартибида маъмурий баённомалар тузилган.
Рейд давомида қўлга олинган аёллар доимий яшаш манзиллари бўйича ҳудудий ҳокимликларнинг хотин-қизлар қўмиталари ҳамда маҳалла фаоллари ва яқин қариндошлари ўртасида муҳокама қилиш учун жўнатилган. Шунингдек, уларни тиббиий кўрикдан ўтказиб, бандлигини таъминлаш чораларини кўриш, келгусида шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланиши назоратга олинган.