Самарқандда “махфий хазина” харитасини сотишга уринган шахс ушланди (видео)
3-саҳифа
−
07 Август 17047 2 дақиқа
Самарқанд шаҳрида олтин маъданлари жойлашган ҳудудни кўрсатувчи махфий геологик харитани 25 минг долларга сотишга уринган геолог қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида геологик хизматлар кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхона директори келгусида ноқонуний бойлик орттириш мақсадида маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган. У муқаддам ўзининг Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида масъул лавозимларда ишлагани ҳамда ўзида Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудларида амалга оширилган геологик-қидирув ишлари натижасида ишланган олтин маъданлари жойлашган махфий геологик харита ва фотосуратлар борлигини айтиб, уларни 25 минг АҚШ долларига сотишини билдирган.
ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс келишилган пуллардан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тегишли ташкилотлар берган хулосага кўра, ушбу шахс иддао қилаётган ҳеч бир маълумот махфий ҳисобланмайди.
Шунингек, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти таркибидаги “Муборак магистрал газ қувурлари” бошқармаси газ тарқатиш станцияси бўлими Шаҳрисабз ГТС оператори Қарши шаҳрида яшовчи фуқарони юқори лавозимдаги танишлари орқали “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги ташкилотлардан бирига назоратчи лавозимига ишга олиниши учун 4 000 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда оператор сўралган 4000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида бюджет маблағлари эвазига “откат” олишга уринган бош ҳисобчи ва унинг ўринбосари ушланганди.
Live
Барчаси