Самарқандда кўп қаватли уйлар қурилишида жиддий камчиликлар аниқланди

3-саҳифа

image
Пеноблок ва газоблок ишлатадиган қурилиш ташкилотларига устуворлик берилади north_east

Пеноблок ва газоблок ишлатадиган қурилиш ташкилотларига устуворлик берилади

Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида кўп қаватли уйлар қурилишида бир қатор қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал назорат инспекцияси хабар берди.

Жумладан, “Sam House Stroy” МЧЖ томонидан кўп қаватли уйлар қурилишида тўлдирувчи деворларга терилган газоблоклар тасдиқланган ишчи лойиҳадан четлашган ҳолда бинонинг асосий юк кўтарувчи қисмидан ташқарига чиққан ҳолда бажарилган. Шунингдек, ушбу газоблокларни ушлаб турувчи айрим металл ўзакларни темир бетон монолитларга қотириш ишлари ҳам лойиҳадан четлашган ҳолда сифатсиз амалга оширилган.

Ушбу камчиликлар юзасидан инспекция томонидан олдин ҳам кўрсатмалар берилган, бироқ қурилиш ташкилоти ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини давом эттирмоқда.

“Бинонинг асосий, юк кўтарувчи деворларидан газоблокларни чиқариб териш ҳолатлари бартараф этилмаган. Объектни қурилиш чиқиндиларидан тозалаш, техника хавфсизлиги бўйича махсус огоҳлантирувчи ленталар тортилиши ва бошқа кўринишдаги огоҳлантиришлар бериб келинганига қарамасдан, хато ва камчиликлар тўғирланмаган”, дейди инспекция ходими.

Бундан ташқари, қурилиш материалларини сақлаш тартиби бузилган. Олиб келинган металл арматуралар занглай бошлаган ва улардан қурилиш ишларида кенг фойдаланиб келинмоқда.

Шу билан бирга, бинонинг темир бетон ишларини амалга ошириш жараёнида майда механизмлар ишлатилмаган. Оқибатда ғоваклар юзага келган. Объектда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаган. Ҳудуд қурилиш ва маиший чиқиндиларга тўлиб кетган. Объектда юритилиши мажбурий бўлган ижро ҳужжатлари ўз вақтида тўлиқ юритилмаган. Инспекция томонидан бир неча марта камчиликларни бартараф этиш бўйича берилган кўрсатмалар ва қурилишни тўхтатиш бўйича огоҳлантиришларга қарамасдан қурилиш ташкилоти томонидан ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари давом эттириб келинган.

Иккинчи бир ана шундай камчиликлар худди шу массивда “Капитал қурилиш дирекцияси” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларда аниқланган. Хусусан, хоналар ичини бўлиб турувчи деворлар юқори қисмга маҳкамланмаган. Қурилиш майдони чиқиндилардан тозаланмаган. Бинонинг очиқ балкон қисмларида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган.

Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан корхоналарнинг масъулларига камчилик ва хатоларни тезда бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга асосан, ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 баравари (3 миллион 750 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 баравари (18 миллион 750 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд қурилиш газоблок кўп қаватли уйлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг