Самарқандда Қизил китобга киритилган дарахтлар кесилиши ортидан жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
20 Сентябрь
2081Самарқанд вилоятидаги “Омонқўтон” миллий табиат боғида жами 2500 тупдан ортиқ ноёб ва Қизил китобга киритилган дарахтлар кесиб кетилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳудудда ноқонуний равишда йўл очилиб, тупроқлар сурилган ва бунинг оқибатида Ўзбекистон қизил китобига киритилган 7 турдаги 1112 туп, ноёб ва йўқолиб бораётган 5 турдаги 1479 туп ўсимлик нобуд қилинган. Шунингдек, 8 турдаги 64 туп дарахт ва буталар кесилган, нобуд қилинган ва шикастлантирилган. Оқибатда табиатга 1 миллиард 115 миллион 907 минг сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 204-моддаси (Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Билдирилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.
Маълумотларга кўра, 5 нафар фуқаро миллий боғга “Йўлсой” бўлимида жойлашган собиқ оромгоҳ ҳудуди орқали рухсатсиз ва ҳеч қандай ҳужжатсиз экскаватор ва бульдозерлар билан кириб борган. Боғ раҳбарияти бу муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд экани, рухсатсиз кириш, қурилиш ва қазиш ишларини олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган ҳамда ҳудуддан чиқиб кетишни талаб қилган. Шунга қарамай, фуқаролар ноқонуний тарзда боғ ҳудудига киришда давом этган ва бир неча дарахтлар ва ўсимликларга жиддий зарар етказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида қурилиш ишларини олиб бораётган “С.Е.Ш.” МЧЖ масъуллари томонидан ҳудуддаги 4 туп қимматбаҳо ва 1 туп кам қимматли турдаги дарахт илдиз қисми билан қазиб ташлаб, йўқ қилинганди.
LiveБарчаси