Самарқандда АҚШга кетмоқчи бўлган фуқаро уйидан айрилди
3-саҳифа
−
31 Октябрь
9732Самарқанд вилояти Пайариқ туманида икки фуқаро АҚШга ишга юборишни ваъда қилиб, эвазига бошқа фуқаронинг уйини ўзлаштириб олди. Шунингдек, яна икки ҳудудда чет элга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Пайариқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар С.Ш. (муқаддам судланган) ва Д.Э. ўзаро тил бириктириб, фуқаро Х.А.нинг ишончига кирган ва Америка Қўшма Штатларига ишга юборишларини ваъда қилган. Улар бунинг учун 18 000 АҚШ доллари миқдорида харажат қилганини айтиб, эвазига Х.А.нинг “Тохиршайх” маҳалласида жойлашган уй-жойини фирибгарлик йўли билан расмийлаштириб олган.
Шу каби, департаментнинг Ғаллаорол тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган М.И. фуқаро О.П.нинг ишончига кириб, уни Корея давлатига ишга юбориши эвазига 12 600 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Бундан ташқари, департаментнинг Яшнобод тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тумандаги Бирлашган кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаролар М.О. ва Д.А. фуқаро Т.Б.нинг ишончига кириб, унга Япония давлатига ишга юбориши учун виза олиб беришини айтиб, эвазига 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тошкент ва Самарқандда хорижий давлатга ишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган шахслар ушланган эди.