Чет элга ишга юборишни ваъда қилганлар қўлга тушди
3-саҳифа
−
02 Октябрь
4634Тошкент ва Самарқандда хорижий давлатга ишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Чилонзор тумани бўлими, ДХХ ва ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.Н. ва Д.И. фуқаро А.Ж.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида айланма йўллар орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юбориши эвазига 14 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, департаментнинг Қўшработ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса фуқаро Ф.У. фуқаролар Қ.Ҳ. ва С.К.нинг ишончига кириб, уларни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Англия давлатига ишга юбориши эвазига 2 500 АҚШ доллари ва 2,5 млн сўм пулини қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган ва Самарқанд вилоятларида АҚШга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланган эди.