Самарқандда Агроинспекция ходими қамоққа олинди
3-саҳифа
−
13 Октябрь 4731 1 дақиқа
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилояти бошқармасининг етакчи мутахассиси 2500 доллар пора олаётган вақтида қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мутахассис Самарқанд туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигида ўтказилган ўрганиш жараёнида хўжаликнинг 50 сотих ер майдонини ижарага олиб, фойдаланаётган фуқаро томонидан ернинг унумдорлигига зарар етказилганлигини аниқлаган ва унга нисбатан чора кўрмаслик эвазига 3 минг доллар талаб қилиб, 500 долларни аввалдан олган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда етакчи мутахассис қолган 2500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Билдирилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Марҳамат туманида 15 минг доллар олган ҳокими ўринбосари қўлга олинганди.
Live
Барчаси