Самарқандда 49 кишини чет элга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
3-саҳифа
−
29 Июль
3515Самарқанд вилоятида 49 кишини Англия ва бошқа чет давлатларга ишга юборишни ваъда қилган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Оқдарё туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро В.И. фуқаролар Э.Х. ва Б.Б.нинг ишончига кириб, уларни Англия давлатига ишга юбориши эвазига 4 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. У 1,2 млн сўм ва 700 АҚШ долларини қайтариб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида В.И. яна 47 нафар фуқарони чет давлатларига ишга юбориши эвазига жами 37 160 долларни олгани аниқланган.
Шунингдек, Навоий вилоятида Р.Д. фуқаро А.Ф.ни Кореяга яшаш ва ишлаш учун жўнатиши ҳамда виза ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Пайариқ туманида фуқарони 24 000 АҚШ доллари эвазига Америка Қўшма Штатларига ишга юборишни ваъда қилган фирибгар ушланганди.