Самарқандда 16 ёшли бола дарахт босиб қолишидан вафот этди
3-саҳифа
−
01 Апрель
10978Жорий йилнинг 30 март куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 16 ёшли бола дарахт йиқитиш жараёнида вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди. Унинг маълум қилишича, 30 март куни соат 11:00 ларда Пайариқ туман Ички ишлар бошқармасига “Илғор” МФЙда яшовчи 2008 йилда туғилган бола ўз уйида дарахт йиқитиш жараёнида бахтсиз ҳодиса сабабли оғир тан жароҳати олиб, Челак шифохонасига олиб келинганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Аниқланишича, бола яшаш хонадонида дарахт кесиш жараёнида дарахтнинг кесилган шохи унинг устига тушиб кетган. Оқибатда бола тан жароҳати олиб, оила аъзолари томонидан зудлик билан Челак шифохонасининг жонлантириш бўлимига олиб келинган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан бола вафот этган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат туман прокуратураси томонидан назоратга олинган бўлиб, ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 19 февраль куни Самарқанд вилояти Жомбой туманида 10-синф ўқувчиси дарс вақтида автоҳалокатга учраб вафот этганди.
LiveБарчаси