Самарқандда 10 бош қорамолни ўғирлаган жиноий гуруҳ аниқланди
3-саҳифа
−
12:09 2549 2 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Оқдарё ва Пастдарғом туманларида жами 10 бош қорамолни ўғирлаган жиноий гуруҳ аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, Пастдарғом туманида яшовчи 40 ёшли фуқаро ўзининг 49 ва 38 ёшли маҳалладошлари билан жиноий гуруҳга бирлашиб, Оқдарё ва Пастдарғом туманлари ҳудудидан жами 10 бош қорамолни ўғирлаган.
Ўғирланган молларни Навоий вилоятида яшовчи қариндошнинг уйида сақлаб, қўшни вилоятларда яшовчи фуқароларга сотиб келганлиги бўйича маълумотлар аниқланган.
Тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу шахслар қўлга олинган. Шунингдек, қорамолларни сотиб олган харидорлардан ҳам 7 бош қорамоллар далилий ашё сифатда расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари гуруҳнинг 49 ёшли аъзосининг яшаш уйида 170 грамм гиёҳвандлик моддаси сақлаб келинганлиги ҳам аниқланиб, белгиланган тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми ҳамда 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Бухоро туманида жойлашган савдо мажмуаларининг бирида ўғрилик жиноятини содир этган шахс Навоий шаҳрида ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси