Самарқандда ҳоким ёрдамчилари минг доллар олаётганда ушланди
3-саҳифа
−
08 Январь
6648Самарқанд вилоятида ДХХ ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчилари қўлга олинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Унга кўра, Самарқанд туманидаги маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишловчи 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, бошқа бир фуқарони алдашга уринган. Гумонланувчилар фуқарога ҳокимлик захирасидаги 3,5 сотих бўш ер майдонини аукционга чиқариб, унинг ғолиб бўлишини таъминлаш ва туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали кадастр ҳужжатларини қонуний расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига эса улар 1 минг 300 АҚШ доллари талаб қилган. Шундан сўнг, ушбу пулнинг минг долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат университети Математика факультети тьютори вазифасида ишловчи, 1975 йилда туғилган шахс Пенсия жамғармасининг мансабдор шахслари билан тил бириктириб, фуқароларга 20 йиллик иш стажи қўшиб, нафақага чиқариб беришга сўз берган. Тьютор бунинг эвазига фирибгарлик йўли билан 3 минг доллар олаётган вақтида ушланган.
Маълум қилинишича, ҳозирда юқорида келтирилган барча шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсни озодликка чиқариб беришни ваъда қилган фирибгар ушланганди.