Усмонхон Алимовнинг жаноза намози ўқилди

Жамият

image

Бугун, 16 август куни Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани Орлот қишлоғидаги “Эшони Темирхон Тўра” жоме масжидида муфтий Усмонхон Алимовнинг жаноза намози ўқилди ва таъзия маросими бўлиб ўтди.

Усмонхон Алимовни сўнгги манзилга кузатиш маросимида таниқли уламолар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, марҳумнинг қариндошлари, дўст-биродарлари ва шогирд ҳамда бутун Ўзбекистоннинг турли жойидан келган мухлислари иштирок этди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси Матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Усмонхон Алимов ўпка ва қон-томир касалликлари, хусусан ўпка пневмонияси бўйича Москвадаги шифохонада даволанаётганди. Муфтий кеча, 15 август куни 71 ёшида оғир хасталикдан вафот этди.

Бугун, 16 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги бир гуруҳ амалдорлар таъзияли хонадонга ташриф буюриб, марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Маълумот учун, Усмонхон Алимов Самарқанд вилояти Иштихон туманида таваллуд топган. 1982-1983-йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987-йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990-йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олган.

Усмонхон Алимов Паяриқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982-йилларда имом-ноиб, 1987-1989-йилларда, сўнгра яна 1990-2006-йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган.

2000-2006-йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби сифатида ишлаган. 2006 йилдан то ҳозирга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

306

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг