Самарқанд вилояти прокуратураси бюджет пулларидан 22 та iPhone сотиб олди
Жамият
−
23 Апрель
83492023 йилнинг 28 декабрь куни Самарқанд вилояти прокуратураси хотира сиғими 1 ТB бўлган 21 та iPhone 14 Pro Max ҳамда 1 дона iPhone 15 Pro Max смартфонини сотиб олган. Бу ҳақда Давлат харидлари порталида маълумот келтирилган.
Шартномада кўрсатилишича, 21 та смартфоннинг ҳар бири 19 млн 999 минг сўмдан, жами 419 млн 979 минг сўмга, iPhone 15 Pro Max эса 25,3 млн сўмга харид қилинган. Мажбурий ижро бюроси тақдим этган маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти прокуратурасининг умумий миқдорда 10 млрд 505 млн сўм қарзи бор. Деярли барча қарзлар жиноят натижасида етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ.
Бундан ташқари, яна бир қатор давлат ташкилотлари Давлат харидлари электрон портали орқали қимматбаҳо русумдаги мобил телефонлар сотиб олган ёки сотиб олиш жараёнида:
- Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани тиббиёт бирлашмаси – 14, 4 млн сўмга битта iPhone 14 Pro Max;
- Қашқадарё вилояти кўз касалликлари шифохонаси – 24,7 млн сўмга иккита Galaxy S23 Ultra;
- Президент матбуот хизмати ҳузуридаги Медиа марказ – 45,4 млн сўмга иккита iPhone 15 Pro Max ва Apple AirPods 3 симсиз қулоқчинлари, 39,57 млн сўмга иккита iPhone 15 Pro Max, 40 млн сўмга иккита iPhone 15 Pro Max (охирги икки лот бекор қилинган ёки бекор қилиниш жараёнида);
- Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) – 69,7 млн сўмга 5 та iPhone 14 Pro;
- Кинематография агентлиги – 10 млн сўмга битта Galaxy S22 Ultra, 19,8 млн сўмга иккита Galaxy S22 Ultra, ва 15,8 млн сўмга битта iPhone 15 Pro;
- Республика маънавият тарғибот маркази Тошкент вилояти бўлими – 51 млн сўмга иккита iPhone 15 Pro Max;
- Хоразм вилояти “Ёшлар дафтари” жамғармаси – 16,9 млн сўмга iPhone 15 Pro Max ва DJI Osmo Mobile 6 стабилизатори;
- Сурхондарё Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти – 30,6 млн сўмга иккита iPhone 15 Pro;
- Бухоро вилояти ҳокимлиги – 18 млн сўмга битта iPhone 14 Pro Max;
- Илмий-техникавий ва тиббий ҳужжатлар Марказий давлат архиви – 17,1 млн сўмга битта iPhone 15 Pro Max;
- Тошкент вилоятидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги – 17,8 млн сўмга битта iPhone 14 Pro смартфонларини сотиб олиш учун буюртма берган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон 2023 йилни 59 трлн сўмлик давлат бюджети дефицити (харажатларнинг даромадлардан ошиб кетиши) билан якунлаган эди. 2024 йилнинг биринчи чорагида эса бюджет дефицити қарийб 20 трлн сўмга етди. Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2023 йил якунларига кўра, 35 миллиард долларга яқинлашган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов гул кўчатларини харид қилиш учун қарийб 8 млрд сўм маблағ ажратгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси