Самарқанд давлат тиббиёт университети ташкил этилади
Жамият
−
11 Апрель 2020
10812Самарқанд давлат тиббиёт институтида кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилади ва самарадорлиги оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарор лойиҳасида келтириб ўтилган.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
• Самарқанд давлат тиббиёт институти негизида Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш;
• Самарқанд давлат тиббиёт институти биринчи ва иккинчи клиникалари негизида Университет клиникасини ташкил этиш;
• Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Таъкидланишича, университет Самарқанд давлат тиббиёт институтининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Узлуксиз тиббий – касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш университет фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув – услубий материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базаси фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш ҳам ана шундай йўналишлардан биридир.
Университетда хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор – ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурлар ривожлантирилади.
Шунингдек, олийгоҳда фундаментал, амалий ва инновацион илмий – тадқиқот ишлари тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилади. Тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма – босқич жорий этилади.
Таълим муассасаси ва Университет клиникалари илмий салоҳияти мунтазам равишда ошириб борилади, профессор – ўқитувчилар ва илмий изланувчиларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этилиши таъминланади.
Республика тиббиёт тизими муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида мунтазам равишда илмий тадқиқотлар олиб бориш, тизимни ривожлантириш юзасидан лойиҳа ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли вазирликларга таклиф сифатида киритиб бориш каби вазифалар амалга оширилади.
Ўзбекистон ва хорижий олий таълим ҳамда илмий – тадқиқот муассасалари, қадрлар буюртмачилари ва ҳомий ташкилотлари билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро илмий – амалий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ташкил этилади.
Талабаларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш учун шарт – шароитлар яратиш, ёшларни инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш ҳам режалаштирилган.
Моддий – техник базани модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий – тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш ва замонавий асбоб – ускуналар билан жиҳозлаш ҳам университет фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.