Саллани деса, каллани... Холиқназаровнинг таклифи ўтиб тушди

Жамият

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори, қолаверса, қарор билан Низом тасдиқланди. 

Мазкур қарор жорий йилнинг 1 январидан кучга киради. Унда диний маросимларни ҳам ўтказишда айрим чекловлар ўрнатилиши билан боғлиқ таклифлар берилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров шундай дейди: 

“Дабдабабозлик, риёкорлик Қуръонда ҳам Ҳадисда ҳам қораланган. Айтайлик, хотира маросими, ёки ақиқа ва шунга ўхшашлар ўз-ўзидан диний маросим ҳисобланади. Шунинг учун агар диний мазмундаги маросимлар ўтказиладиган бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишган ҳолда ўтказилсин, деган илова қўшиб қўйилсин”. 

Холиқназаровнинг фикрича, бугун ўтказилаётган айрим диний мазмундаги маросимлар бидъатнинг ўзгинаси. Айниқса, вилоятларда бунга кўп урғу берилмоқда. 

“Ҳозир одамлар бидъатни кўпайтиряпти. Вилоятларда “ҳожи тўйи” деган нарса чиқди. Шариатда “ҳожи тўйи” умуман йўқ. Агар шундай тадбир ўтказилса, биз дарҳол бунга эътироз билдирамиз, сиз Ҳаждан келган бўлсангиз, одамларга яхшилик қилиш билан шуғулланинг, маросим ва дабдабабозликдан қайтарамиз”. 

Нуриддин Холиқназаров сўзида давом этаркан, хонадонларда ўтказиладиган диний мазмундаги маросимлар ҳам бундан буён Мусулмонлар идораси билан келишилган ҳолда ташкиллаштирилиши кераклигини таъкидлади. 

“Ақиқа ҳам аслида боланинг шукронаси учун қилинадиган эҳсон. Бу ҳам дабдабабозлик эмас. Ёки марҳумларни хотирлашда кунларни ва ададларни санамасдан қалбида туғилган маҳал хотира қилиш тўғрисида Мусулмонлар идорасининг бир неча фатволари бор. Нафақат амру маъруфларни, балки хонадонларда ўтадиган бошқа диний мазмундаги маросимларни ҳам Мусулмонлар идораси билан келишган ҳолда ўтказса, турли хурофотларнинг олдини олган бўлар эдик”. 

Таҳририят: Холиқназаровнинг фикрига қўшилишни ҳам, рад этишни ҳам билмайсан киши. Бир тарафдан расмий имомлар тадбирларда иштирок этиб, нутқ қилгани яхши. Бунинг учун Мусулмонлар идораси эшигини қоқсанг, арзийди. Аммо хонадонларда тўртта қўшни билан ўтадиган хотира дейсизми ё "худойи", боринг ана ифторликни нега идора билан келишиб ўтказиш керак. Одамлар-ку идора билан келишишга вақт топар. Аммо идоранинг ҳар бир кичик тадбир бўйча мурожаатни кўриб чиқиш, унга ҳа ёки йўқ деган жавобни беришга вақти етармикин? Балки махсус комиссия ҳам тузармиз, а лаббай?


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Баҳолаганлар

2234

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг