“Салимбойвачча”ни йўқлаб Ўзбекистонга ўтган депутатнинг ғойиб бўлишига оид маълумот берилди
Олам
−
10 Январь
15003Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланаётган депутат Эмил Жамғирчиев кеча, 9 январь куни мамлакат парламенти биносида ғойиб бўлган. У бинонинг иккинчи қаватидан сакраб, қочиб кетгани аниқланди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев хабар берди.
Маълумотларга кўра, Жамғирчиев кеча, 9 январь куни парламентда матбуот анжумани ўтказиши керак бўлган, бироқ унда қатнашмаган.
Кейинроқ парламентга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Депутат шундан сўнг ғойиб бўлган. У бинонинг иккинчи қаватидан сакраб қочган ва қайтиб келмаган. Унинг қаердалиги ҳозирча номаълум.
Ижтимоий тармоқларда депутат Эмил Жамғирчиевнинг парламент биносининг иккинчи қаватидаги деразадан сакраб тушгани тасвирланган кадрлар пайдо бўлди.
Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда. Жамғирчиев ўзбекистонлик “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраган, у билан яширин учрашув ўтказиш учун 2022 йил декабрь ойида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга борган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев қидирувга берилган. Ўзбекистон томони ҳам уни ҳибсга олишга қарор чиқарган.
LiveБарчаси