“Саидазиз медгородок”га яна бир иш бўйича ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
07 Декабрь
13282“Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиевга товламачилик жинояти бўйича яна бир ҳукм ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг жорий йилнинг 29 октябрь куни чиқарган ҳукмига кўра, Саидазиз Саидалиев И.С. ва бошқа шахслар билан жиноий тил бириктириб, 2023 йил январь ойининг бошларида Яшнобод туманининг Нодира маҳалласидаги уйлардан бирига бориб, Б.К.га гўёки тадбиркорликдаги собиқ шеригидан 700 минг АҚШ доллари миқдорида қарздор эканини айтган.
Тадбиркор уларга қаршилик кўрсатганида Саидазиз Саидалиев қурол сифатида пичоқ ҳамда тўппончадан фойдаланиб, 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бермаса соғлиғига, оиласига, тадбиркорлигига жиддий зарар етказиб, отиб ташлаш, ўлдириб юбориш билан таҳдид қилиб, товламачилик ҳаракатларини содир этган.
Суд мажлисида Саидазиз Саидалиев ва И.С. товламачилик қилмаганини айтиб, айбига умуман иқрор бўлмаган ҳамда адолатли ҳукм чиқаришни сўраган.
Жабрланувчилар – Б.К. ҳамда Д.Б. эса ўз кўрсатмаларида судланувчилар пичоқ ва тўппонча билан таҳдид қилгани, отиб ташлаш билан қўрқитишганини айтган.
Суд Саидазиз Саидалиевни Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а, в” бандларида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда ҳамда уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган товламачилик) содир этганликда айбдор деб топган. Унга жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталган қисмини қисман қўшган ҳолда узил-кесил 20 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.
И.С. ҳам Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси бандлари билан айбли деб топилган. Унга Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталган қисми қисман қўшган ҳолда узил-кесил 5 йил 3 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.
LiveБарчаси