Саидазизнинг саргузаштларига хотима ўқилди
3-саҳифа
−
06 Август
8209“Салимбойвачча” 5 йил, “Бахти Ташкентский” 20 йил, Саидаҳмадхон Маҳмудхўжаев 11 йил, Бузрук Бузруков 13 йил 6 ой. Юқорида номини санаганларимиз одамлар орасида “кўча болалари” деб ном олиб турли лақаблар билан танилган шахслар. Улар Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбли деб топилиб, қамалган. Жиноят оламизда номи чиққанлар 2023 йилнинг 2 декабрь куни республикада ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида қўлга олинган эди. Куни кеча атрофига спортчи болаларни йиғиб, жиноят содир этганликда айбланиб ушланганлардан бири “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиевга ҳам суд ҳукми ўқилди.
Саидалиев дастлаб Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”) билан жиноят иши қўзғатилган эди. Ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари доирасида бир қатор жиноий ҳолатлар аниқланган.
1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган, жисмонан бақувват бўлган бир нечта шахсларни ўз атрофига жалб қилиб, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларнинг муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб берганликда айбланган. Бунинг эвазига эса моддий жиҳатдан манфаатдор бўлган, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритган ҳамда безорилик ва тамагирлик қилгани айтилганди.
Тергов ишлари 6 ой давом этди. 2024 йилнинг июнь ойида Саидалиевга очилган жиноят иши ҳужжатлари судга юборилди. Қўлга олинганда 1 та модда билан айбланган Саидазиз Саидалиев кейинчалик Жиноят кодексининг 6 та моддасида қайд этилган жиноятларни содир этганликда айбланди.
Судга юборилган ҳужжатларга кўра, Саидазиз Саидалиев ёлғиз эмас, балки у билан бирга жиноят содир этганлар сони жами 28 нафар экани маълум бўлди. Судланувчиларнинг 28 нафарига нисбатан “қамоққа олиш” ва 1 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилганди. Судланувчилардан жабр кўрганлар эса 30 дан ортиқ бўлган.
Дастлабки суд мажлиси 11 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида судья Мирзажонов раислигида кўриб чиқила бошланди.
“Саидазиз медгородок” ва у билан бирга жиноят содир этганликда айбланаётган жами 29 нафар судланувчилар Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбланган. Улар:
- 112-модда (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш);
- 165-модда (Товламачилик);
- 168-модда (Фирибгарлик);
- 182-модда (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш);
- 227-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
- 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
- 229-модда (Ўзбошимчалик);
- 236-модда (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш);
- 237-модда (Ёлғон хабар бериш);
- 238-модда (Ёлғон гувоҳлик бериш);
- 242-модда (Жиноий уюшма ташкил этиш);
- 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);
- 277-модда (Безорилик);
- 28, 211-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.
Дастлабки суд мажлисларида сўз олган Саидалиев айбига қисман иқрор эканини билдирди.
“Ҳурматли судья, [гувоҳлик берганларни] жабрланувчи деймизми, туҳматчи деймизми? Тўғри қилган жиноятларим бор, лекин улар айтган даражада эмас. Келиб, нотўғри гапириб чалғитаётган жойлари ҳам бор. Мен айбимга қисман иқрорман”.
Иш ҳужжатлари ўрганилиб, суд тергови якунига етганидан сўнг, давлат айбловчиси Саидалиевга қўйилган айбловлар ўз исботини топганини айтиб, унга 20 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлашни сўради.
5 август санасига келиб судланувчиларга суд ҳукми ўқилди. Унга кўра, Саидазиз Саидалиев Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандлари, 28,211-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 242-моддаси 1-қисми, 243-моддаси ва 277-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шунингдек, у ва баъзи шерикларидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳисобига орттирилган мол-мулклар эса жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратиладиган бўлди.