Саида Мирзиёева Европа комиссари билан учрашди
Жамият
−
11 Октябрь 3303 1 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Брюсселда Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Йозеф Сикела билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Учрашувда улар Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.
“Ўзаро муносабатлар бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Мулоқот давомида аниқ лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳамкорлик йўлида Марказий Осиё миқёсида очилаётган янги имкониятларни тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилган.
“Биз ЕИ билан шерикликни янада кенгайтиришга содиқлигимизни тасдиқладик”, дейилади Мирзиёеванинг хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 9 октябрь куни Саида Мирзиёева Брюсселда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан ҳам учрашган эди. Қолаверса, Мирзиёева ўша куннинг ўзида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Кая Каллас билан ҳам учрашув ўтказган.
Live
Барчаси