Саида Мирзиёева раҳбарлигида Катта Лангар Қуръони саҳифалари сақлаб қолинди
Жамият
−
11 Июнь 2021
11612Ўзбекистонда сақланиб келинаётган VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони саҳифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева бошчилигида реставрация қилинди.
Бундан икки йил аввал, Саида Мирзиёева Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида фаолият юритган даврларда, унга Катта Лангар Қуръони мамлакат ҳудудида қандай ҳолатда сақланаётгани ҳақида маълумот берилади. Шундан сўнг, тегишли муассасаларга бориб, вазият ўрганилган.
Асрлар давомида асралиб, бизгача етиб келган бу қадимий ва муқаддас битикларнинг ҳолати ҳавас қилгулик эмас эди. Тезда реставрация ишлари бошланмаса, мазкур бебаҳо мерос келгуси авлодга етиб бормаслиги кўриниб турарди. Зудлик билан бу соҳадаги энг малакали ва тажрибали мутахассисларни жалб этишга киришилди. Ушбу масъулиятли вазифа Франциянинг Лувр музейи ходимларига топширилди.
Қуръони Каримнинг Катта Лангар Қуръони номи билан машҳур нусхаси саҳифалари дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзмалардан ҳисобланади. Бу ном битикларнинг Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақлангани билан боғлиқдир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг 17 та саҳифаси борлиги маълум бўлиб, Катта Лангар Қуръонининг мамлакатга келиб қолиш тарихига оид бир неча тахмин илгари сурилган. Ушбу Қуръон нусхасини ўрта асрларда Афғонистон орқали Ўрта Осиёга кўчиб келган араблар ўзлари билан олиб келишган деган ривоят ҳам, Суриядан Амир Темур томонидан Қашқадарёнинг тоғли ҳудудига кўчириб келинган араблар келтирган деган тахмин ҳам, Ҳаж зиёратига борган юртдош хожилар ўзлари билан олиб келган деган мулоҳаза ҳам мавжуд.
Тадқиқот натижаларига кўра, олимлар қўлёзма VIII асрга тааллуқли деган хулосага келганлар. Арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган Кофи Хижозий хатида битилган мазкур қўлёзма, ошланган бузоқ териси – пергаментга муҳрланган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 сантиметрни ташкил этади. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли.
Қайд этилишича, франциялик мутахассислар Катта Лангар Қуръони реставрациясини уч босқичда ва юқори профессионал даражада амалга оширганлар. Муқаддас битик саҳифаларида вақт, масофа, ноқулай иқлим шароити ва эҳтимол кимларнингдир бефарқлиги туфайли юзага келган нуқсонлар бартараф этилган.
“Катта Лангар Қуръонининг реставрациядан олдинги ҳолатида саҳифалари жуда қуруқ эди. Иқлимнинг ўзгариши сабаб унинг варақлари тўлқинсимон бўлиб қолган ва жуда кўп чанг йиғилган. Биз консервация жараёнини биринчи навбатда ҳар бир саҳифани тозалашдан бошладик. Кучли деформация туфайли китоб ёмон аҳволда эди”, дейди Лувр музейи реставратори Аксел Дело.
Реставрация ишларидан аввал лаборатория хонаси франциялик мутахассисларнинг тавсиялари билан жиҳозлаб олинган. Шундан сўнг, Катта Лангар Қуръони саҳифаларини реставрация қилиш ишлари бошланган. Барча ишлар амалга оширилгандан кейин саҳифалар махсус оғирликлар остида 15 ой сақланган. Шунингдек, ушбу муқаддас битикларни бундан буён сақлаш учун махсус қути ясаб, олиб келинган.
LiveБарчаси