Саида Мирзиёева Фарғонадаги экологик вазият бўйича кескин чоралар кўришни топширди
Жамият
−
02 Декабрь 2025 7080 2 дақиқа
Аввалроқ, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева раислигида Тошкент шаҳридаги ҳаво ҳолати бўйича махсус комиссия йиғилишини ўтказилаётгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур йиғилишда Фарғонадаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммоли ҳолат ҳам муҳокама қилинган ва масъулларнинг бу борадаги ҳисоботлари тингланган. Бу ҳақда махсус комиссиянинг Telegram-каналида хабар берилди.
Билдирилишича, Саида Мирзиёева Фарғонада ҳам вазиятни яхшилаш бўйича кескин чоралар кўриш юзасидан масъулларга топшириқлар берган.
Умуман олганда, экологик вазият ҳамда уни яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар қандайдир бир марталик ёки вақтинчалик акция эмаслиги, бундан кейин, гарчи ҳаво яхшиланган тақдирда ҳам мазкур йўналишдаги ишлар тўхтаб қолмаслиги, изчил ҳамда тизимли давом этиши, буни барча бўғиндаги раҳбарлар тўғри англаши кераклиги қатъий таъкидланган.
“Энг асосийси, Президентимиз хоҳлаётган ва доим таъкидлайдиган масала – қилаётган ишларимиз илмга асосланиши керак. Олимларни эшитишимиз, илғор хорижий илмий тажрибалардан фойдаланишимиз, юртимизда ҳам ушбу соҳадаги илмий мактабни яратишимиз керак”, дея таъкидлаган Саида Мирзиёева.
Йиғилишда Ўзбекистонда атмосфера назоратига мўлжалланган катта илмий лаборатория ташкил қилишга оид масала ҳам муҳокама қилинган ва бу бўйича масъуллар учун қатъий муддатлар белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Саида Мирзиёева Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги яшил ҳудудларни сақлаш ва кўпайтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаганди.
Администрация раҳбари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимларидан бу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан мунтазам равишда ҳисобот бериб туришни талаб этган.
Шунингдек, йиғилишда Саида Мирзиёева махсус комиссия аъзолари олдига аниқ вазифалар қўйган. Хусусан, ҳозирда амалга оширилаётган чора-тадбирлар муайян муддатларга эга бўлиши ва тизимли равишда бажарилиши лозим. Келгуси йилда бундай вазият такрорланмаслиги керак.
Live
Барчаси