Саида Мирзиёева эълон қилган акция иш бошлади. Илк кундан натижа бор
Жамият
−
29 Декабрь 2020
9084Аввалроқ, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева республикадаги барча мактаб-интернатларидаги кўзи ожиз ва кўриш қобилияти паст ўқувчилари учун акция эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 29 декабрдан бошлаб “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасидаги акция амалда иш бошлади. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Ушбу жараён билан танишиш мақсадида биз Нукусга келдик. Республика офтальмология шифохонасига бордик. Бу ерда тиббий кўрик учун кўчма лаборатория қандай ишлаётгани, операцион ва бошқа хоналарнинг жиҳозланганлиги, телемедицина имкониятлари билан танишдик”, дейди Саида Мирзиёева.
Таъкидланишича, бугуннинг ўзида 14 нафар бола кўрикдан ўтказилиб, улардан 6 нафарининг кўз нурини яхшилаш мумкинлиги аниқланди. Бир нафар бола операция қилинди ва кўриш қобилияти 20 фоизга тикланди.
“Ин шаа Аллоҳ ушбу лойиҳа доирасида 3 минг нафардан ортиқ бола орасидан тузалиш имкони бўлган ҳар бир болага жиддий қараймиз ва уларнинг тузалиши учун бор имкониятни ишга соламиз”, деган Мирзиёева.
Маълумот учун, “Кўнгил кўзи” хайрия акцияси 2019 йилнинг март ойида ўз фаолиятини бошлаган. У кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таълими, уларнинг маънавий ва руҳий ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, келгуси ҳаётга ва жамиятга мослашиши учун йўналтирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь