Саида Мирзиёева ҳозирги дунё ҳақида Ўзбекистоннинг қатъий позициясини айтди
Жамият
−
11:32 1393 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, зиддиятлар тобора ортаётган, ўзаро ишонч эса йўқолиб бораётган ҳозирги дунёда Ўзбекистоннинг қатъий позицияси ҳақида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Маълум қилинишича, бугун, 24 сентябрь куни тонгда (АҚШ вақти билан 23 сентябрь куни) Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида бўлиб ўтаётган ташкилотнинг кенгайтирилган Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида нутқ сўзлаган. Унда Саида Мирзиёева бир қанча глобал ва долзарб масалаларга тўхталган.

Президент Администрацияси раҳбари нутқида ҳозирги дунё ҳақида Ўзбекистоннинг қатъий позициясини билдириб ўтган. Унинг айтишича, Ўзбекистон тинчлик, очиқлик ва ҳамкорлик позициясида.

“Танлаган йўлимиз аниқ – очиқлик, яхши қўшничилик ва мулоқот. Биз тинчлик, ҳамкорлик ҳамда инсон қадр-қимматини эъзозлаш тарафдоримиз”, деган Саида Мирзиёева.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари нутқида Марказий Осиёдаги туб ўзгаришлар, Ўзбекистондаги ислоҳотлар, экология ва Орол фожиаси, сунъий интеллект тараққиёти, қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтган.

“Бугун ҳеч бир давлат глобал муаммоларни ёлғиз ўзи ҳал эта олмайди. Ўзбекистон ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган келажакни барпо этиш йўлида муносиб ҳиссасини қўшишга доимо тайёр”, дея қайд этган Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ Саида Мирзиёева бугун, 24 сентябрь куни (АҚШ вақти билан 23 сентябрь) Бирлашган Миллатлар Ташкилотида бўлиб ўтаётган ташкилотнинг Бош Ассамблеяси 81-сессияси доирасида сўзлаган нутқи давомида Ўзбекистон учун инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар қандай ҳарбий ҳамда иқтисодий салоҳиятдан устун туриши, мамлакат келгуси йилда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши, Ўзбекистон қўшни Афғонистонни ёлғиз қолдирмаслиги ҳамда бутун Марказий Осиё мамлакатлари энди бир-бирига рақиб эмас, шерик сифатида қарай бошлагани тўғрисида айтиб ўтгани ҳақида хабарлар тайёрлаганди.
Live
Барчаси