Садир Жапаров: Мирзиёев Ўзбекистонда Каримовдан қолган диктатурани йўқотди
Олам
−
29 Январь 2021
35357Қирғизистоннинг янги сайланган Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдан қолган диктатурани йўқ қилиб, мамлакат эшигини дунёга очганини айтди.
Жапаров BBC журналистига берган интервьюсида Қирғизистон унинг қўли остида авторитар бошқарувга айланиб кетмайдими, деган саволга у Президент Шавкат Мирзиёевни мисол келтириб жавоб берди.
Садир Жапаровга кўра, Мирзиёев бошқарувга келгач, диктатурага барҳам берди ва натижада мамлакатга сармоя кириб кела бошлади. Халқнинг ҳаёти фаровонлашди, дейди у.
“Бу ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ бўлади. Менда авторитар бошқарувни ўрнатиш нияти йўқ. Ўрнатмаймиз. Бунга кучимиз ҳам иродамиз ҳам етади. Буни вақт ҳам кўрсатади.
Бизнинг кучимиз қонун устуворлиги ва адолат диктатурасини ўрнатишга етади. Худо хоҳласа ўрнатамиз.
Сизга бир мисол келтирайин. Қўшни Ўзбекистонни олинг.
Каримов даврида кучли диктатура эди. Уни бутун дунё биларди, қўшни давлатлар ва биз ҳам билганмиз.
Шавкат Миромонович Мирзиёев келгач диктатурани олиб ташлаб дунёга эшигини очди. Эшигини очгандан кейин ҳозир қандай ўзгаришлар бўляпти.
Агар диктатурани ўрнатаман деса Ислом Каримовнинг диктатурасини давом эттириб кетса бўлар эди. Аммо давом эттирмади-ку.
Бу ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Бўлмаса Ислом Каримов билан ишлашиб келган, бирга бошқарган. У киши вафот этгандан кейин ҳокимият қолгач, барча диктатурани йўқ қилиб, дунёга эшигини очди. Қўшни давлатлар ва узоқдаги мамлакатлар билан бирга ишлаб, ҳозир инвестиция кириб мисли кўрилмаган даражада иқтисодий ўсиш бўляпти.
Халқнинг турмуши ҳам фаровонлашяпти. Шунинг учун ҳам ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ, деб айтаман. Агар менинг ҳам диктатура ўрнатгим келса, ўзимнинг қўлимдада. Бу қонунлар қандай ёзилиши, бош қомуснинг қандай ёзилишига боғлиқ эмас. Ўрнатаман, десанг ўрнатаверасан. Аммо биз бундай қилмоқчимасмиз.
Сабаби ҳеч ким бенуқсон эмас. Бизнинг ҳам замонимиз ўтади. Беш йил, ўн йилдан кейин ўтадими, бизнинг ҳам вақтимиз тугайди. Бошқа замон келади.
Инсон ҳаёти давомида замон, яшаш тарзи ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам бундай нарсалардан узоқдамиз. Биз эртанги кунимизни ўйлашимиз керак”, дейди Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь