Садир Жапаров эртага Ўзбекистонга келади
Жамият
−
17 Июль
7204Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
"Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, бизнес ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан фойдаланиш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади", дейилади хабарда.
Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашади, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.
Бир қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, айни кунларда Ўзбекистонда бизнес форуми, ректорлар форуми, Қирғизистон маданияти кунлари ва бошқа қўшма тадбирлар ўтказилмоқда.
LiveБарчаси