Саддамнинг соясидан саргардонликкача ёхуд 8 юлдузли генерал “мойка”дан топилди
Таҳлил
−
20:45 970 11 дақиқа
Мансаб билан тобутнинг эгаси бўлмайди, деганлари бор гап. Вақт одамни не кўйларга солмайди, дейсиз. Мана, Саддам Ҳусайн даврида 17 йил генерал бўлиб хизмат қилган, беш тилни биладиган собиқ учувчи Худур Аҳмад Рауф Валининг ҳолатига боқинг. Унинг ҳаёти Ироқдаги сиёсий ўзгаришлар ва урушлардан кейин бутунлай ўзгариб кетди. Ўз даврида минглаб аскарга буйруқ берган, 36 нафар шахсий қўриқчиси бўлган Вали бугун Истанбулда машина ювиб, полировка қилиб тирикчилик қилмоқда.
Қизиғи, бир вақтлар “ёғли-ёғли” давраларда каттаконлар билан бирга бўлган 60 ёшли собиқ генерал бугун ўз тақдиридан миннатдор. У ҳозирги ҳаётидан нолимайди, Худога ҳамд айтиб, автомобилларни ювишда давом этмоқда. Аммо унинг бугунги камтарона турмуши ортида урушлар, йўқотишлар, қувғин ва бутун бир сиёсий тузумнинг қулаши билан боғлиқ катта тарих турибди.
Бугун айнан Саддам Ҳусайн, унинг даврида Ироқ қандай давлат бўлгани, ҳокимият тепасидаги аъёнлар ва генералларнинг тақдири, 2003 йилдан кейин мамлакатда нималар ўзгаргани ҳамда нега айрим ироқликлар ҳануз собиқ президент даврини қўмсаши ҳақида гаплашамиз.
Саддам Ҳусайн даврида Ироқ
Саддам Ҳусайн 1979–2003 йилларда Ироқни бошқарган ва мамлакат тарихида энг узоқ вақт ҳокимиятда қолган раҳбарлардан бири бўлган. У 1937 йил 28 апрелда Ироқнинг Тикрит шаҳри яқинидаги Ал-Авжа қишлоғида туғилган. Ёшлигидан сиёсатга қизиққан Саддам Араб социалистик Баас партиясига қўшилиб, кейинчалик ушбу сиёсий кучнинг етакчи вакилларидан бирига айланган.
1968 йилда Баас партияси давлат тўнтариши орқали ҳокимиятни эгаллаганидан кейин Саддамнинг сиёсий таъсири кучая бошлади. У ўша пайтдаги президент Аҳмад Ҳасан ал-Бакр даврида вице-президент лавозимини эгаллади. 1979 йил июль ойида ал-Бакр истеъфога чиққач, Саддам мамлакат президентига айланди.
1970 йилларда нефть даромадларининг ортиши Ироқда таълим, тиббиёт, саноат ва инфратузилма соҳаларини ривожлантиришга имкон берди. Мамлакат минтақадаги иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти юқори давлатлардан бирига айланди. Саддам ҳукумати эса бу қудратни намойиш этиш билан бирга, мамлакатда марказлашган ҳокимият тизимини шакллантирди.
Давлат хавфсизлик хизматлари, махсус хизматлар ва ҳарбий тузилмалар сиёсий мухолифатни назорат қилишда муҳим роль ўйнади. Саддамга қарши чиққанлар таъқиб қилинди, мухолифатга имкон берилмади. Айниқса, курдлар ва шиалар аҳолисига қарши амалга оширилган зўравонликлар унинг бошқаруви тарихидаги энг оғир саҳифалардан бўлиб қолди. 1988 йилда Ҳалабжа шаҳрида кимёвий қурол қўлланиши бунинг даҳшатли мисолларидан биридир.
Шундай қилиб, ташқи томондан кучли кўринган Ироқда иқтисодий ривожланиш ва йирик қурилишлар билан бир қаторда сиёсий эркинликлар кескин чекланган эди. Ўша йилларда Вали каби генераллар давлатнинг ҳарбий-сиёсий тизимида муҳим ўрин тутган. Улар нафақат армияни бошқарган, балки Саддам ҳокимиятининг кучини намойиш этувчи қатлам вакиллари ҳам эди.
Саддам Ҳусайн Эрон билан нега урушди?
1980 йил 22 сентябрда Ироқ қўшинлари Эронга бостириб кирди. Икки мамлакат ўртасидаги зиддиятлар чегара ҳудудлари, стратегик сув йўллари ва минтақадаги сиёсий таъсир учун кураш билан боғлиқ эди. Бундан ташқари, 1979 йилда Эронда Ислом инқилоби юз бериб, Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний бошчилигидаги янги ҳукумат ҳокимиятга келган эди. Саддам Ҳусайн бу инқилобнинг Ироқдаги сиёсий вазиятга, хусусан, мамлакатдаги шиа аҳолиси орасида инқилобий кайфият кучайишига таъсиридан ҳам хавотирда бўлган.
Уруш қарийб саккиз йил давом этди. Ҳар икки мамлакат катта инсоний ва иқтисодий йўқотишларга учради. 1988 йил августда сулҳ кучга кирди. Тўқнашувда томонлардан ҳеч бири ҳал қилувчи ғалабага эриша олмади.
Ироқда генерал бўлиб хизмат қилган даврини эслар экан, Вали Эрон билан уруш унинг ватани учун оғир кечганини айтади. Унинг таъкидлашича, можаро ортидан мактаблар ва бошқа объектлар бомбардимон қилинган, кўплаб инсонлар ҳалок бўлган. Собиқ генерал уруш сабабларини изоҳлар экан, икки давлат ўртасидаги чегара ва сув ҳавзаси бўйича келишмовчиликни ҳам тилга олади.
“Мен Киркукданман. Ироқда дастлаб Саддамнинг укаси Ватбан Иброҳим ал-Ҳасан билан ишлаганман. Кейин ҳарбий хизмат вақти келди. Мактабни тугатгач, генерал бўлдим. Генерал бўлганимдан кейин Эрон, Қувайт ва Америка билан урушлар бўлди. Лекин Эрон урушида бизга нисбатан ҳақиқатан ҳам адолатсизлик қилинди. Ироқ ва Эрон чегарасидаги бир кўлни Эрон: “Бу бизники”, деди. Саддам эса: “Йўқ, бу бизники”, деб жавоб қайтарди. Кейин улар бизни бомбардимон қилди. Мактабларимизни бомбалади. Кўп одамларимиз ҳалок бўлди. Шундан сўнг Саддам улар билан саккиз йиллик урушга киришди”, дейди Вали.
Унинг сўзларига кўра, уруш якунида Ироқ ғалаба қозонган. Бироқ тарихий маълумотларга кўра, 1988 йилда якунланган Эрон – Ироқ урушида томонлардан ҳеч бири ҳал қилувчи ғалабага эришмаган.
Қиличлар остида қолган давр: Саддамнинг ғалаба аркаси
Эрон – Ироқ урушидан кейин Саддам Ҳусайн ҳукумати мамлакатнинг ҳарбий қудрати ва ғалаба ҳақидаги тасаввурини меъморий ёдгорликлар орқали ҳам намойиш этишга уринди. 1989 йилда Бағдодда очилган “Қодисия қиличлари” – Саддам даврининг энг таниқли иншоотларидан бири. У Эрон – Ироқ уруши якунидан кейин Ироқнинг ғалабаси сифатида талқин қилинган воқеани нишонлаш учун қурилган.
Ёдгорлик иккита улкан қўлнинг баланд кўтарган қиличларидан ташкил топган. Уларнинг остидан ўтувчи йўлак ва атрофидаги майдон давлатнинг ҳарбий қудратини намойиш этувчи рамзий макон сифатида яратилган.
Бу шунчаки меъморий иншоот эмас эди. У Саддам ҳокимиятининг сиёсий мафкурасини ҳам ифодаларди. Давлат ўзини урушда ғалаба қозонган, минтақада кучли ва халқаро майдонда мустақил сиёсат юрита оладиган мамлакат сифатида кўрсатишга интилган.
Ёдгорлик Саддам ҳокимияти қулаганидан кейин ҳам сақланиб қолди. Чунки сиёсий тузумни ағдариш мумкин, бироқ у қолдирган барча моддий изларни йўқотиш осон эмас. Бир вақтлар ҳарбий парадлар ва давлат тадбирлари билан боғлиқ бўлган майдоннинг вазифаси ҳам йиллар давомида ўзгарди. 2023 йилда майдон қайта очилгани уни мутлақо ташлаб қўйилган жой эмаслигини кўрсатади.
Бугун ушбу иншоот Ироқнинг мураккаб тарихини эслатиб туради: бир вақтлар ҳокимият қудратини ифодалаган рамз энди мамлакатнинг ўтмиши ва бугуни ўртасидаги боғлиқликни акс эттиради.
Тугалланмай қолган масжид
Саддам Ҳусайн даврида бошланган, аммо тўлиқ якунланмаган иншоотлардан бири – Бағдоддаги Ар-Раҳмон масжиди.
Унинг қурилиши 1998 йилда бошланган. Лойиҳа бўйича масжид 15 мингга яқин намозхонни сиғдира оладиган, Яқин Шарқдаги энг йирик диний мажмуалардан бири бўлиши керак эди. Улкан гумбазлар ва улар атрофидаги кичик гумбазлардан иборат меъморий ечим ҳам ўзига хос рамзий маънога эга эди.
Лойиҳадаги саккизликлар 1988 йил 8 августда Эрон – Ироқ урушида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кучга кирган санани ифодалаган. Шу тариқа масжид архитектурасига ҳам Саддам давридаги ҳарбий тарих сингдирилган.
Бироқ қурилиш 2002 йилда тўхтатилган. 2003 йилги босқиндан кейин эса масжид мажмуаси талон-торож қилинган, қурилиш материалларининг бир қисми олиб кетилган. Кейинги йилларда унинг айрим қисмларида жума намозлари ўқилган бўлса-да, иншоотнинг асосий қисми ҳамон тугалланмаган ҳолда қолмоқда.
Бу масжид тарихи фақат Саддам даврида бошланган қурилишнинг якунланмай қолганини эмас, балки 2003 йилдан кейин Ироқда давлат мулки, сиёсий таъсир ва диний муассасалар атрофида шаклланган мураккаб муносабатларни ҳам акс эттиради.
Саддам даврининг яна бир йирик диний иншооти – Умм ал-Маъорик масжиди. У 2001 йилда қуриб битказилган ва “Барча жанглар онаси” деб номланган. Масжиднинг номи Саддамнинг 1991 йилги Форс кўрфази урушига нисбатан ишлатган ибораси билан боғлиқ. Ар-Раҳмон масжидидан фарқли равишда, Умм ал-Маъорик масжидининг қурилиши Саддам ҳокимияти давридаёқ якунланган.
Шу тариқа Бағдоддаги айрим иншоотлар бир вақтлар ҳокимиятнинг диний, ҳарбий ва сиёсий ғояларини ифодалаган бўлса, бугун улар Ироқнинг ўтмиши ва бугуни ўртасидаги мураккаб муносабатларни кўрсатади.
Ироқнинг Киркук шаҳрида туғилган Худур Аҳмад Рауф Вали Саддам Ҳусайн даврида 17 йил генерал бўлиб хизмат қилган. У саккиз юлдузли учувчи-генерал бўлганини, бешта тилни билишини айтади. Собиқ генералнинг ҳикоясига кўра, Саддам ҳокимияти ағдарилганидан кейин у ўз ҳаётидан хавотир олиб, яширинишга мажбур бўлган.
Валининг айтишича, у қарийб бир йил давомида яшириниб юрган. Кейинчалик АҚШ ҳарбийлари уни топган ва у америкаликлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлган. Аммо бу ҳам унинг хавфсизлигини таъминламаган.
Саддам Ҳусайн ҳокимияти ағдарилди
2003 йил 20 март куни АҚШ ва Буюк Британия бошчилигидаги коалиция Ироққа қарши ҳарбий амалиёт бошлади. АҚШ Саддам Ҳусайн режимини ағдариш заруратини мамлакатда оммавий қирғин қуроллари мавжудлиги ҳақидаги даъволар билан изоҳлади. Бироқ кейинчалик бундай қуроллар борлиги ҳақидаги асосий даъволар тасдиқланмади.
Ҳарбий амалиётлар натижасида Бағдод эгалланди ва Саддам Ҳусайн ҳокимияти тугатилди. Собиқ президент бир неча ой яширинганидан кейин, 2003 йил 13 декабрь куни Тикрит яқинидаги фермалардан бирида АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олинди.
Саддамнинг қўлга олиниши ҳақида собиқ генерал Вали ҳам ўз хотиралари билан ўртоқлашган. Унинг даъво қилишича, собиқ президентнинг яширинган жойини ўз амакиваччаси ошкор қилган.
“Урушдан кейин Саддам яшириниб юрди. АҚШ Президенти Жорж Буш экранларга чиқиб: “Ким бизга Саддамнинг манзилини берса, унга 25 миллион доллар ва Америка фуқаролигини бераман”, деди. Амакиваччаси унга хиёнат қилиб, Саддамнинг қаердалигини айтиб қўйди”, дейди Вали.
Унинг ҳикоя қилишича, Саддамни яширинган жойидан чиқишга чақиришган. Бироқ собиқ президент бунга рози бўлмаган.
“Улар Саддам Ҳусайнни чақиришди. У: “Мен Ироқ Президенти Саддам Ҳусайнман”, деб жавоб берди. Унга: “Ташқарига чиқ”, дейишди. Саддам эса: “Мен бу ердан чиқмайман. Агар мени олиб чиқмасангиз, ташқарига чиқмайман. Ўз жонимга ҳам қасд қилмайман, чунки мен Ислом динидаман”, деди”, дея давом этади собиқ генерал.
Валининг айтишича, кейин амакиваччаси Саддам яширинган жойдаги шамоллатиш тешигини кўрсатган ва у ердан газ юборилган. Шундан сўнг Саддам ташқарига олиб чиқилган.
Бироқ Валининг бу ҳикояси унинг шахсий хотираларига асосланган бўлиб, мустақил равишда тасдиқланмаган. Расмий маълумотларга кўра, Саддам Ҳусайн АҚШ ҳарбийларининг махсус амалиёти давомида Тикрит яқинидаги фермада, ер остидаги яширин жойдан топилган. Уни қўлга олишда амакиваччаси хиёнат қилгани ҳақидаги даъво эса алоҳида текширишни талаб қилади.
Ҳокимиятдан ағдарилган Саддам Ҳусайн 2006 йил 30 декабрь куни инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топилган суд ҳукми асосида қатл этилди.
Генералнинг улкан йўқотишлари
Саддам Ҳусайн ҳокимияти ағдарилганидан кейин собиқ генерал Вали учун ҳам ҳаётнинг янги ва оғир даври бошланди. Унинг айтишича, дастлаб қарийб бир йил яшириниб юрган, кейинчалик эса АҚШ ҳарбийлари уни топган. Вали қамоққа тушмаслик учун америкаликлар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлганини айтади.
Бироқ бу унинг хавфсизлигини таъминламади. Собиқ генералнинг ҳикоя қилишича, бир куни уйига келган ҳарбийлар ундан улар билан ҳамкорлик қилиш ёки қамоққа бориш ўртасида танлов қилишни сўраган. Вали улар билан ишлашга рози бўлган. Шунга қарамай, кейинчалик унинг уйи ўққа тутилган. Ҳужум оқибатида рафиқаси ва тўрт нафар қўриқчиси ҳалок бўлган. Қўшниларининг болалари ҳам қурбон бўлганини айтган Вали, қаерга бормасин, портлашлар ва ҳужумларга дуч келганини таъкидлайди.
У бу воқеаларни қуйидагича эслайди:
“Уйимга келишди. Мендан: “Биз биланмисан ёки қамоқхонага борасанми?” деб сўрашди. Уларга: “Сизлар билан бўламан”, дедим. Қамоқхонага боришни истамадим. Ироқда уйимни ўққа тутишди. Ўша ерда хотиним ҳалок бўлди. 36 нафар қўриқчим бор эди. Улардан тўрт нафари ҳалок бўлди. Қўшни болалар ҳам ўлди. Қаерга бормайлик, ўша ерда бомбалар портларди. Митти болалар ҳалок бўларди. Шунинг учун 2013 йил 5 ноябрда Ироқни тарк этдим”, дейди у.
Валининг сўзларига кўра, унга Саддам даврида ҳарбий хизмат қилгани учун ҳам ҳужумлар уюштирилган. У ИШИД томонидан ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солинганини, бармоқлари кесилганини ҳам айтади.
“Террорчилик гуруҳлари менга: “Сен Саддам билан ишлагансан”, деб ҳужум қилишарди. ИШИД гуруҳлари мени ўғирлаб кетиб, қийноққа солишди. Мен ўлимдан қўрқмадим. Менга оғир ботгани – қаерга бормайлик, менга ҳужумлар уюштирилиб, одамлар ҳалок бўлаётгани эди”, дея эслайди собиқ генерал.
Айнан шу воқеалар, унинг айтишича, 2013 йил 5 ноябрь куни Ироқни тарк этишга мажбур қилган. Вали ортда нафақат ҳарбий фаолиятини, балки рафиқаси ва аввалги ҳаётини ҳам қолдириб, Туркияга йўл олган.
Генералдан автомобиль ювувчигача: Вали Туркияда қандай кун кўрмоқда?
Ироқни тарк этган Вали дастлаб Истанбулга келган. Кейинчалик уни Сивас шаҳрига юборишган. У ерда қарийб икки ярим йил яшаган. Беш тилни билиши янги ҳаётга мослашишида қўл келган: бир муддат таржимонлик қилган, шунингдек, парда тикувчи устанинг ёнида ҳам ишлаган.
“Туркияга Ироқдан 2013 йилда кирдим. Бу ерда бир ой қолдим. Кейин мени Сивасга юборишди. Сивасда икки ярим йил яшадим. 2017 йилда яна Истанбулга қайтдим ва уйландим. Турмуш қурганимиздан кейин, Аллоҳга шукр, фуқаро бўлдик. Исмим Хузур эди, Фотих бўлди”, дейди у.
2017 йилда турмуш қургач, Истанбулга қайтган Вали автомобилларни ювиш ва полировка қилиш билан шуғуллана бошлади. Бугун унинг тирикчилиги айнан шу меҳнат ортидан. Бир пайтлар минг нафар аскарга қўмондонлик қилган, 36 нафар шахсий қўриқчиси бўлган собиқ генерал энди автомобилларни тозалаб, сайқаллаб пул топмоқда. Аммо у бундан асло нолимайди.
“Илгари генерал, учувчи эдим. Ҳозир бу ишни қилиш менга мутлақо оғир эмас. Тақдиримизни Аллоҳ билади. Мен Аллоҳдан розиман, доимо шукр қиламан”, дейди Вали.
Унинг айтишича, Туркияда янги ҳаёт бошлашида маҳаллий аҳолининг ёрдами катта бўлган. Сивасдаги маҳалла оқсоқоли, полиция ходимлари ва бошқа инсонлар унга бегона сифатида муносабатда бўлмаган. Собиқ генерал турк халқининг меҳмондўстлигини алоҳида таъкидлайди.
“Турк халқидан жуда миннатдорман. Мени ҳеч қачон бегона деб билишмади. Ҳамма менга эшикларини очди”, дейди у.
Вали бугунги ҳаётини аввалги мавқеи билан солиштирар экан, бундан буён энг катта бойлиги – тириклиги эканини айтади. Бир вақтлар минг нафар аскар унинг буйруғини кутиб турган, 36 нафар қўриқчиси ёнида бўлган. Ҳозир эса оддий меҳнат қилиб, кун кечираётганидан ва нафас олаётганидан шукр қилади.
“Ҳозир нафас олаётганим учун шукр. Юз минг марта шукр”, дейди у.
Хуллас, ҳаёт ўнқир-чўнқирларини, айрилиғ-у фироғини, жисмоний зўравонликлардан тортиб, казо-казо ҳаётгача яшаб кўрган собиқ генерал бугун соғ-саломат ва хотиржам эканлигидан хурсанд яшамоқда.
Live
Барчаси