АҚШ Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият бўйича ҳисобот эълон қилди
Таҳлил
−
18 Апрель 2022
26144Ўзбекистондаги қамоқхоналарда озиқ-овқат танқислиги, одамларнинг ҳаддан ташқари кўплиги, жисмоний зўравонлик, санитария шароитлари ва тиббий ёрдам кўрсатилмагани баъзи ҳолларда оғир ва ҳаёт учун хавфли. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг Инсон ҳуқуқлари масаласида 2021 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида айтилган.
Қайд этилишича, 2020 йилга нисбатан 2021 йилда қамоқхона маҳкумларининг сиғими тахминан 40 фоизга ошган.
“Ҳукумат органлари эркаклар, аёллар ёки вояга етмаганларни судгача қамоққа олиш вақтида ёки судланганидан кейин бирга ушлаб тургани ва шарт-шароитлар жинсга қараб фарқланишини кўрсатувчи хабарлар йўқ. Ичимлик суви ва сифатли озиқ-овқат, душ ёки бошқа санитария иншоотларидан фойдаланиш имконияти ёмон эди. Маҳбуслар кўпинча зарур нарсалар билан таъминланиш учун оила аъзоларининг ташриф буюришига умид қилишган. Камералар кўпинча тор бўлиб, эски биноларда иситиш, совутиш ва ёритиш тизими қониқарли эмас эди. Айрим қамоқхоналарда тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти чекланган”, дейилади баёнотда.
Маҳкумлар, Human Rights Watch ва бошқа ташкилотларнинг хабар беришича, калтакланган ва қийноққа солинган, жумладан, қамоқхонада оғир руҳий ҳолатда ушлаб турилган.
Ташкилот Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, маҳкумлар меҳнатдан бўш пайтда очиқ ҳавода машқ қилиш ҳуқуқига эга экани, шунингдек, қамоқхона қоидаларига мувофиқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатларда ихтиёрий равишда тиббий кўрикдан ўтиши белгиланганига эътибор қаратган.
“Ушбу қоидаларнинг бажарилиши тўғрисида ҳеч қандай маълумот оммага очиқланмаган”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, ташкилот баёнотида ОИВ/ОИТС касалликларига чалинган беморлар ҳақида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд эмаслиги танқид остига олинган.
“Гарчи ОИВ/ОИТС билан касалланиш ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд бўлмаса-да, халқаро экспертларнинг таъкидлашича, ОИВ/ОИТС билан касалланиш даражаси оддий фуқароларга нисбатан маҳкумларда юқори бўлиши мумкин. Расмийлар 280 та ҳолатда сил касаллиги, 617 та ҳолатда COVID-19 га чалиниш, шунингдек, 13 802 маҳкумнинг COVID-19 га қарши эмлангани ҳақида хабар берган. Даволаш амалиётларига ёмон риоя қилиш ва бошқа тиббий хизматлар ҳукуматнинг инфекция даражасини пасайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига путур етказган”, дейилади АҚШ Ташқи идораси ҳисоботида.
Олқишланишича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ва Бош прокуратура ҳибсга олинганлар ва аҳолининг шикоятларини таҳлил қилиб боради. Омбудсман аггрессия ва қаршилик кўрсатмай, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга белгиланган ҳукмларни енгиллаштириш бўйича тавсиялар бериши мумкин.
Қолаверса, ҳибсга олинган ёки озод қилинган маҳкумларнинг айрим оила аъзолари шикоятларига Омбудсман идораси томонидан жавоб берилмагани ҳам айтилган.
“Баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари, адвокатлар ўз мижозлари билан учрашишда ҳеч қандай муаммо йўқлигини маълум қилишса-да, бошқалари бунга эътироз билдириб, кириш чеклангани, назорат остида эканини айтишган. Қамоқхона расмийлари одатда оила аъзоларига маҳкумларни йилига икки-тўрт марта, тўрт соатгача кўришга, шунингдек, қамоқхона турига қараб йилига икки-тўрт марта бир кундан уч кунгача ташриф буюришга, шунингдек, бир кеча қолишга рухсат беришган.
Ҳукумат маҳкумлар ҳар қандай динга эътиқод қилиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади, бироқ баъзи маҳкумлар оила аъзоларига қамоқхона маъмурлари колония жадвалига зид бўлган диний маросимларни бажаришга рухсат бермаганидан шикоят қилишган. Бундай маросимлар анъанавий бомдод намозларини ўз ичига олган. Баъзи фаоллар вазият яхшиланганини айтишган бўлса, бошқалари чеклов давом этаётганини таъкидлаган. Расмийлар барча маҳкумларга Рамазон каби диний байрамларни нишонлаш, жумладан рўза тутишни тақиқлайди. Гарчи баъзи қамоқхона кутубхоналарида Қуръон ва Инжил нусхалари бўлса-да, оила аъзолари расмийлар барча диний маҳкумларга диний материаллардан фойдаланишга рухсат бермаганидан шикоят қилишда давом этишган.
Расмий ҳукумат тартиб-қоидаларига кўра, маҳкумлар “диний ибодат ва оилавий муносабатларда, масалан, оила қуриш” ҳуқуқига эга. Яқин қариндошлар, шунингдек, қамоқхона ходимларидан оила аъзоларининг соғлиғи ва интизомий қайдлари тўғрисида оғзаки ва ёзма маълумот олиш ҳуқуқига эга. Оилалар ҳукумат ҳеч қандай маълумот бермагани ёки соғлиқни сақлаш ва қамоқхона ҳужжатларидаги маълумотларни яширгани ҳақида хабар беришда давом этмоқда”, дейилади ҳужжатнинг айнан қамоқхоналардаги шароитлар билан боғлиқ қисмида.
Бундан ташқари, UNICEF Халқаро болалар ташкилоти мунтазам равишда мамлакатнинг тўрт нафар вояга етмаган маҳкумлар сақланадиган колонияларига ташриф буюрган. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси эса 2013 йилдан бери маҳкумларни бориб кўрмаган. Айрим мустақил кузатувчилар жазони ижро муассасаларининг баъзи қисмларига, хусусан тергов изоляторлари, аёллар ҳибсхоналари ва қамоқхона объектларига киришлари чекланган. Бироқ “Эзгулик” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти бирорта маҳкум билан кўришишда муаммо йўқлигини маълум қилган.
Шунингдек, алоҳида урғуланишича, мамлакат Конституцияси ва қонунлар ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни тақиқлайди ва ҳар қандай шахснинг ҳибсга олиниши қонунийлигига судда эътироз билдириш ҳуқуқини беради. Ҳукумат ҳар доим ҳам бу талабларга риоя қилмайди.
LiveБарчаси