АҚШ Ўзбекистонда миссионерликни қўлламоқчи...ми? “Қора рўйхат”да қолишимизнинг боиси не?

Жамият

image

2019 йил якунлари бўйича АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эътиқод эркинлиги бузилиши сабабли хавотирли давлатлар қаторида қолдиришга қарор қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси АҚШ давлат департаментининг ушбу қарори юзасидан расмий баёнот берди. Унда шундай дейилади: 

“Яқинда ОАВ ва интернет нашрларида Ўзбекистон АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон Махсус назорат рўйхати (Special Watch List)га киритилди, мазмунидаги хабар кўпчиликда тушунмовчилик келтириб чиқарди.

Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, “Ўзбекистон яна қандайдир қора рўйхатга киритилибди”, деган тасаввур уйғонишига сабаб бўлди. 

Хўш, аслида, вазият қандай, келинг, дастлаб шунга ойдинлик киритсак.

Ёдингизда бўлса, 2018 йилнинг 11 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўз қарори билан Ўзбекистон дин эркинлигини таъминлаш йўлида салмоқли натижаларга эришганини эътироф этиб, мамлакатимизни “Алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар” (Countries of Particular Concern) рўйхатидан чиқарган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2006 йилдан бери ушбу рўйхатда қолаётган эди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси сифатида мамлакатимиз 12 йил деганда ушбу рўйхатдан чиқарилиб, “Махсус назорат рўйхати (Special Watch List)”га киритилди.

Эътибор беринг, АҚШ давлат департаменти бу йилги ҳисоботида Ўзбекистонни “Алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар” рўйхатида эмас, балки махсус назорат рўйхатида қолдирилганини эълон қилиб ўтди.

Ушбу рўйхатни шакллантириш, қайсидир давлатни киритиш ёки чиқариш АҚШ давлат департаментининг ваколатига киради. Шундай экан, Ўзбекистон мазкур рўйхатдан қачон чиқарилиши бизга аниқ эмас.

Муҳими, сўнгги уч йил ичида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда турли соҳаларда бўлгани каби диний-маърифий йўналишда ҳам катта ўзгариш ва ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан,

•    сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни авф этиш бўйича 8 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди;

•    Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилди;

•    жорий йилда “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик тадбирлари муваффақиятли амалга оширилди. Ана шу тадбирлар доирасида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар майдонидан, Афғонистондан 261 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар юртимизга қайтариб олиб келинди. Уларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.

•    бир пайтлар экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди ва бу “қора рўйхатлар” юритилишига чек қўйилди.;

•    биргина 2019 йилни ўзида 10 та масжид ҳамда 8 та черков очилди;

•    “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан Конфессиялар ишлари бўйича кенгашнинг янгиланган таркиби тасдиқланди. Кенгаш аъзолари – мамлакатимизда фаолият юритадиган барча диний конфессиялар вакилларидан иборат. Кенгаш томонидан мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиб келинмоқда.

•    умра сафарига бўлган чеклов(квота) олиб ташланди. Ҳар куни қарийб 500 га яқин юртдошимиз Умра зиёратига жўнатилмоқда;

•    ислом илмларини кенг ва чуқур, халқаро талабларга жавоб берадиган тарзда ўргатишга ихтисослашган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди;

•    Бухоро вилоятида “Мир Араб” Олий мадрасаси, ”Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби ўз фаолиятини бошлади. Натижада Тошкент ислом институти билан бирга олий диний таълим муассасалари сони 3 тага етди.

•    мамлакатимиз мусулмонлари ўз молиявий ибодатларини амалга оширишлари учун “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил этилди.

Шу ўринда, Давлатимиз Раҳбари томонидан белгилаб берилган, келажакда амалга оширилиши режалаштирилган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳеч қачон тўхтаб қолмаслигини, аниқ дастур асосида бундан кейин ҳам жадал давом этишини айтиб ўтмоқчимиз”.

Маълумот ўрнида, Давлат департаменти ҳужжатида АҚШ Россия, Ўзбекистон ва Комор оролларини Special Watch List (Махсус кузатилувчи рўйхат) да қолдирди. Бу рўйхатга диний эркинликни жиддий тарзда бузувчи ёки бузилишига кўз юмадиган давлатлар киритилади.

Бу рўйхатга Куба, Никарагуа, Нигерия ва Судан ҳам қўшилган.

Мьянма, Хитой, Эритрея, Эрон, КХДР, Покистон, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистон ўтган йилдагидек, диний эркинлик масаласида қаттиқ хавотирга сабаб бўлувчи давлатлар рўйхатида қолдирилган.

Таҳририят: Бир нарсани ёддан чиқармаслик керак: АҚШ диний эркинлик масаласига баҳо бераётганда, мамлакатда миссионерлик ҳаракатларига рухсат бериш ва ташқаридан мамлакат халқтнинг фундаментал анъаналари, қадриятлари ва диний эътиқодига ёт бўлган ҳаракатларнинг кириб келишига рухсат берилишини ҳам юқори баҳолайди ва ҳужжатда буларни алоҳида инобатга олади. Шу сабабдан Ўзбекистоннинг бу рўйхатда қолдирилиши фақатгина АҚШ нуқтаи назари эканини ҳисобга олиш лозим.

Ўзбекистонда виждон эркинлиги мамлакат Конституцияси ва Қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-АҚШ АҚШ Давлат департаменти

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made