Ўзбекистонда айбни бўйнига қўйишда ҳамон қийноқ усулларидан фойдаланилади – Вашингтон
Жамият
−
18 Апрель 2022
18686Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш, тергов жараёнида шахс қадр-қимматининг камситилишига қарши курашиш борасида Ҳукумат томонидан саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳамон терговда қийноқ усулларидан фойдаланиш ва тан олдириш амалиёти мавжудлигича қолмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг Инсон ҳуқуқлари масаласида 2021 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида сўз боради.
Ҳисоботда Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хулқ-атворини тартибга солувчи ва қийноқларга оид қонунлар мавжудлигига алоҳида урғу берилиб, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига мурожаат қилинган:
“Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт”.
“Қонун қийноқлар натижасида олинган ёки тан олдирилган далиллардан суд жараёнида фойдаланишни тақиқлайди. Бундан ташқари, камситишга қарши қонун қийноқ ва бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалаларни қўллаганлик учун жавобгарликни ўз ичига олади. Қонун қабул қилингунга қадар қийноқлар содир этишга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортишда расмий тўсиқлар мавжуд эди. Мазкур чекловлар бекор қилинган”, деб бугунги қонунчиликни олқишлайди Давлат департаменти.
Ташкилот 2020 йилда БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг Ўзбекистонга нисбатан билдирган “Қийноқлар ва шафқатсиз муносабатлар иштирокчи-давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, тергов ва қамоқхона мансабдор шахслари ташаббуси ва розилиги билан, асосан, айбга иқрор бўлиш ёки айбловни тан олдириш мақсадида мунтазам равишда амалга оширилмоқда”, деган хулосаси 2021 йилда ҳам ўз кучини сақлаб қолганини урғулаган.
“Ҳукумат томонидан ислоҳотлар бўйича қўшимча саъй-ҳаракатларга қарамай, бу хулосалар ўз кучини сақлаб қолди. Бундан ташқари, судланувчилар қийноқлар ҳақидаги бир қатор даъволарни илгари сурган жиноий суд жараёнлари, шунингдек, қийноқларни содир этишда айбланаётган шахслар устидан бир неча суд жараёнлари ёпиқ тарзда ўтказилди. Ушбу ҳолатлар бўйича суд қарорлари оммага ошкор этилмаган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрларига кўра, муайян маҳбусларни қийноқларга солиш бўйича келишилган, юқоридан пастга буйруқ бериш амалиёти тўхтаган бўлса-да, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг усуллари ва муносабати тўхтамаган ва энг кўп суиистеъмоллар тан олдириш тактикаси сифатида сўроқ пайтида содир бўлган. Мамлакатнинг ҳуқуқий тизимига кўра, психологик босим ва таҳдидлар суиистеъмол қилиш ёки нотўғри муносабатда бўлиш ҳисобланмайди”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, АҚШ Ташқи идораси 2020 йилнинг июнь ойида Навоий вилоятидаги 11-сонли жазони ижро этиш колониясида содир бўлган ҳолатга аниқлик киритган. Унда айтилишича, қамоқхона ходимлари маҳкум Фарруҳ Хидировни калтаклаб ўлдирган.
“Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ўлимидан бир неча кун олдин Хидиров оила аъзоларидан бирига қамоқхона ходимлари ундан пул талаб қилаётганини айтган. Хидиров вафотидан олдин саккиз кун шифохонада ётди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, “Эзгулик” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти қотиллик ҳақидаги хабарни эълон қилганидан сўнг, Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси “Жасад прокуратура томонидан кўздан кечирилди, тан жароҳатлари аниқланмади, жиноят юзасидан тегишли экспертиза тайинланди”, дея изоҳ берган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни Фуқаролик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонунни имзолади. Унга кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.
Жорий йилнинг 1 апрель куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган қийноқлар мавзуси бўйича брифингда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова сўнгги уч йилда прокуратура органларида қийноқлар тўхтагани, аммо бошқа куч ишлатар тузилмаларда ҳамон қийноқлар мавжудлигини тан олди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15