Русланбек Давлетов янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
14 Июль 15350 2 дақиқа
Русланбек Қуролтоевич Давлетов Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Янги тайинлов муносабати билан Русланбек Давлетов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.
Маълумот учун, Русланбек Давлетов 1980 йил 1 июнда Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. 2001 йилда Буюк Британиянинг Уорвик университетида бакалавр, 2003 йилда эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида магистрлик даражасини олган. 2007 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2010 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
У меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида етакчи мутахассис сифатида бошлаган. Кейинроқ мазкур қўмитада бош мутахассис, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган. 2004-2012 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси бош мутахассиси, 2012-2014 йилларда Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш тадқиқот маркази директори ўринбосари ва директор вазифасини бажарувчи, 2014-2016 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси тузилмалари билан фаолиятни мувофиқлаштириш шўъбасининг мудири лавозимларида фаолият кўрсатган. 2016 йил сентябридан 2017 йил январигача Адлия вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 январдаги фармони билан Русланбек Давлетов Ўзбекистон Республикаси Президентининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Давлетов 2017 йил 14 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири бўлди. У 2022 йил 15 ноябрдан ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалар бўйича Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди ва шу муносабат билан Адлия вазири лавозимидан озод этилди.
2024 йил декабрда Русланбек Давлетов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.
Live
Барчаси