Рус сиёсатдонлари Ўзбекистонни ҳам Украинадаги урушга тортиш ҳақида гапира бошлади

Олам

image

Аввалроқ, Россиянинг Пермь шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари ватандошларини расмий Москвага ёрдам бериш учун Украинадаги урушга жалб қилгани ҳақида хабар бергандик. 

Мазкур ҳолатдан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальонлар тузиш ва/ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирди ҳамда бу ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтди. 

Шунга қарамасдан, Россия Федерацияси парламенти қуйи палатаси депутати Евгений Фёдоров “Говорит Москва” радиоси билан суҳбатда Пермь ўзбекларини қўллаб-қувватлашини айтиб, ушбу мамлакат фуқароларини “Ватан сарҳадларини тиклаш”да иштирок этишга чақирди. Унинг сўзларидан келиб чиқадики, Россия собиқ СССР ҳудудларига даъво қилишни бошлаган. 

“Бизнинг барча боболаримиз, шу жумладан ўзбекистонлик боболар ҳам ягона Ватан учун жон фидо қилган – улар Москва, Берлин, Киев ва Сталинград яқинида жанг қилган. Оддий, адекват бўлган одам бобоси ишини давом эттириши мутлақо нормалдир. Йўқса, бу Ватан яна нацистлар томонидан босиб олинади. Инсоннинг Ватанни озод қилиш ва тиклаш жараёнида иштирок этиши одатий ҳолдир. Ҳозир фақат махсус операция эмас, балки Ватан сарҳадларини тиклаш бўйича операция ўтказилмоқда. Панфилов дивизияси  – [Иккинчи жаҳон уруши пайтида тузилган] асосан, ўзбеклардан иборат бўлган, улар Москва остоналарида жанг қилган. Двизия аъзоларининг ярмидан кўпи ҳалок бўлган. Улар қаҳрамонлар. Шундай қилиб, биз мутлақ қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбек Ҳукумати эса ўз вақтида қонуний томонини тушунтирди”, дейди Евгений Фёдоров.

Шунингдек, депутат Украина ва Болтиқбўйи давлатларини Россия таркибига қўшиш зарур деб ҳисоблашини қўшимча қилди.

“Биз Украинадаги ушбу операцияни Ватанни тиклаш операцияси сифатида расмийлаштиришимиз, 1991 йилда Украинанинг СССР таркибидан чиқиш ҳақидаги ноқонуний қарорларини бекор қилишимиз керак. Бу Украина ва Болтиқбўйи давлатлари – ноқонуний. Шу аснода Ўзбекистон ҳам бу операцияни халқаро нуқтаи назардан ўзиники сифатида тан олиши учун у билан иш олиб боришимиз лозим. Улар кўнгиллилар. Улар Россиянинг қаҳрамонлари. Тошкентда туғилганининг фарқи йўқ. Агар сиз Ватан учун курашсангиз, Россия қаҳрамони бўлишингиз мумкин. Конституцияга кўра, Россия Совет Иттифоқининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Бу ерда сиз фақат масаланинг ҳуқуқий қисмига йўналтиришингиз керак. Халқаро ҳуқуқни нафақат Конституциямиз нуқтаи назаридан, балки муносабатларимизнинг бутун тизими, шу жумладан Украина ҳудудидаги ҳарбий операция призмаси нуқтаи назаридан ҳам тикланг”, дейди рус сиёсатдони.

Евгений Фёдоровнинг сўзларидан тушуниш мумкинки, расмий Москва СССРнинг ёки Россия Империясининг ҳудудларига даъво қилишни бошлади. Чунки у очиқ-ойдин Украинадаги босқинни “ҳарбий операция” эмас балки “Ватан сарҳадларини тиклаш” деб атади. Унинг гапларидан тушунилишича, гўё Россия Ўзбекистонни ҳали ҳам ўзининг мустамлакаси деб ўйлаяпти.

Маълумот учун, 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон тарихидаги энг муҳим ҳужжат – Мустақиллик декларацияси қабул қилинган. 1991 йил 31 август куни эса Ўзбекистон расман мустақил давлат деб эълон қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

1974

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг