Руминия рус делегациясига виза беришдан бош тортди
Олам
−
15 Июнь
8448Руминия Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеясининг Европадаги йиллик сессиясида иштирок этиш учун Россия делегацияси аъзоларига виза беришдан бош тортди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Григорий Карасин ўзининг Тelegram каналида маълум қилди.
Карасиннинг сўзларига кўра, Руминия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Украинага бўлган тажовузи муносабати билан мамлакат делегацияси аъзоларидан ҳеч бирига визалар бермайди ва уларнинг мамлакатга киришига рухсат берилмайди.
“Июнь ойининг охирида Бухарестда ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг сессияси бўлиб ўтиши керак эди. Биз Руминия Ташқи ишлар вазирлигидан нота олдик. Унда Россиянинг Украинага нисбатан агрессияси ҳисобга олинган ҳолда, Россия делегацияси аъзоларининг ҳеч бирига визалар берилмайди ҳамда уларнинг Руминияга киришига рухсат тегмаслиги айтилган”, дея ёзган Григорий Карасин.
Унинг қўшимча қилишича, Россия расмий Бухарестнинг бу қарорини эслаб қолади ва ҳеч қачон унутмайди.
“Браво, руминияликлар! Сизлар Европадаги ҳамкорлик учун бир вақтлар фойдали бўлган ташкилотни йўқ қилишга ҳисса қўшяпсиз. Биз буни бир кун албатта эслаймиз!”, дея давом этган раис.
Маълумот учун, сессия 2024 йилнинг 29 июнь-3 июль кунлари Бухарестда бўлиб ўтади. Россия ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг тўртта йиғилиши ва сессияларида қатнашмади. Булар 2022 йилда Буюк Британияда, 2023 йилда Канада ва Арманистонда, 2024 йилда Австрияда бўлиб ўтган йиғилишлар эди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг июнь ойи охирларида Руминия россиялик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юбораётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Руминия Президенти Клаус Йоханнис НАТО Бош котиби лавозимига ўз номзодини қўйишини маълум қилганди.
LiveБарчаси