Руминия Президенти НАТО Бош котиби бўлмоқчи

Олам

image

Руминия Президенти Клаус Йоханнис НАТО Бош котиби лавозимига ўз номзодини қўйишини маълум қилди. Бу ҳақда у Руминия НАТОга қўшилганининг 20 йиллиги муносабати билан берган баёнотида маълум қилди.

"Мен Руминия номидан ушбу номзодликни тўлиқ масъулият билан қабул қиламан ва бу қарор Руминиянинг кўрсаткичларига, икки президентлик мандати давридаги тажрибамга асосланади. Мен НАТО, Европа ва айниқса минтақамиз олдида турган муаммоларни чуқур тушунаман ва НАТОнинг асосий қадриятлари ва мақсадларига қатъий содиқман”, дейди Президент.

НАТОга аъзолик ўз мамлакатига "тарихдаги энг кучли хавфсизлик кафолатларини" берганини таъкидлаган Йоханнис хавфсизлик кафолатлари ҳеч қачон бугунги кундагидек муҳим бўлмаганини таъкидлади. 

“Биз хавфсизлик нуқтаи назаридан ўнлаб йиллардаги энг оғир даврларни бошдан кечирмоқдамиз, аммо биз руминияликлар ўзимизни хавфсиз ҳис қиляпмиз, чунки биз НАТО аъзоларимиз”, дейди Президент.

Унинг таъкидлашича, ҳокимиятда бўлган даврда Руминияда НАТОнинг ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) камида 2 фоизини мудофаа учун сарфлаш ҳақидаги мақсадига эришилган.

“Шарқий Европа НАТО доирасидаги муҳокамалар ва қарорларга қимматли ҳисса қўшмоқда. Ушбу минтақанинг мувозанатли, кучли ва самарали вакиллиги билан Иттифоқ барча аъзо мамлакатларнинг эҳтиёжлари ва манфаатларига жавоб берадиган мақбул қарорларни қабул қила олади. Шу сабабларга кўра, мен НАТО Бош котиби лавозимига номзодимни қўйишга қарор қилдим”, дея қўшимча қилди Йоханнис .

Шундай қилиб, Йоханнис НАТО Бош котиби лавозими учун Нидерландия Бош вазири Марк Рюттега рақиб бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Руминия Клаус Йоханнис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг