Руминия АҚШга ҳарбийлар эвазига пул таклиф қилди
Олам
−
18:18 825 2 дақиқа
Руминия Президенти Никушор Дан мамлакатдаги Америка ҳарбийларини сақлаш харажатларининг бир қисмини АҚШга тўлаб беришни таклиф қилди. Бу ҳақда у “Financial Times”га берган интервьюсида сўз очди.
Даннинг сўзларига кўра, у Америка томонига қўшинлар сони ва харажатларни тақсимлаш бўйича рақамларни тақдим этган. Шунга ўхшаш ташаббусни аввалроқ Польша илгари сурган эди. Жорий йилнинг сентябрь ойида Польша “Форт Трамп” базасидаги ҳар бир ҳарбий учун АҚШга йилига 15 минг доллардан тўлашни таклиф қилган.
Руминия Президенти ўз таклифини минтақадаги хавфсизлик вазиятини баҳолаш учун яқинда Польша ва Руминияга ташриф буюрган АҚШ мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Элбриж Колбига билдирган. Колби илгари АҚШнинг Европадаги ҳарбий иштирокини янада чеклаш тарафдори бўлиб чиққан.
“Биз кўпроқ Америка қўшинлари ва янада кучли имкониятларни истаймиз”, дейди Дан.
Президент офиси маълумотларига кўра, ҳозирда Руминияда 1172 нафар америкалик ҳарбий жойлаштирилган. Руминия таклиф қиладиган тўлов миқдори Польшаники билан тенг бўлиши мумкинлиги истисно этилмаяпти. Дан Қора денгиз қирғоғи яқинидаги “Михаил Когэлничану” авиабазаси ва Констанца портининг АҚШ учун стратегик аҳамиятини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, жорий йилда ЕИнинг бошқа давлатлари АҚШга рад жавобини берган бир пайтда, Руминия Эронга қарши уруш вақтида ушбу авиабазадан фойдаланишга рухсат берган.
Ушбу интервью Россия учувчисиз учиш аппаратларининг бир неча бор Руминия ҳудудига қулаши ва унинг қирғоқлари яқинидаги савдо кемаларига берилган зарбалар билан боғлиқ ҳодисалар фонида эълон қилинган. Дан мамлакат мудофаа бюджетини босқичма-босқич ошириб бораётганини, бироқ давлат бюджетидаги катта тақчиллик туфайли ҳарбий харажатлари аллақачон ЯИМнинг 5 фоизига яқинлашиб қолган Польшага тенглаша олмаслигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша разведкаси Россия билан чегарадан қуролланган гуруҳлар мамлакат ҳудудига кириб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Шу сабабли мамлакатнинг Калининград вилояти билан чегарадош ҳудудларида махсус операция бошланган.
Live
Барчаси