“HUMAN”нинг туманли тақдири: ИИВ терговида нималар фош этилди?
Интервью
−
10 Декабрь 2019
15545Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан “HUMAN xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг фирибгарлик моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланди, дея QALAMPIR.UZ сайтига хабар берди ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти бошлиғининг ўринбосари Ойбек Қулбеков.
Жорий йилнинг 20 сентябрида жамият раҳбари Ш.Ф.га нисбатан жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганди.
Тергов жараёнида мингдан ортиқ фуқаро жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилди ва уларга ташкилот томонидан жами 21 млрд сўмдан зиёд зарар етказилганлиги аниқланди.
Дастлабки тергов давомида Ш.Ф.га тегишли бўлган хонадонлар, автомашиналар хатловга олинган бўлиб, улар 6 млрд сўмдан ортиқ суммани ташкил қилади. Шунингдек, жамият офиси ва бошқа жойлардаги мол-мулклар ҳам хатланиб, 350 млн сўмдан зиёд нархга баҳолатилган.
Зарарни қоплаш мақсадида, Ш.Ф. томонидан турли хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилиб, келиб чиқишига қонуний тус берилган 1,5 млрд сўмга яқин пул маблағлари ҳам хатланган. Бу сумма ИИВ ҳузуридаги депозит ҳисоб рақамига топширилган. Хатланган мол-мулклар кейинчалик суднинг қонуний қарори билан сотилиб, депозитдаги пул маблағлари билан бирга жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун қайтарилиши режалаштирилган.
Аниқланишича, фуқаролардан олинган 15 млрд сўмга яқин пул маблағлари 11 та хўжалик юритуви субъектларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилган ва нақдлаштирилиб, ўзлаштирилиб юборилган.
Ҳозирда хўжалик юритувчи субъектларга ҳам жиноят иши қўзғатилган. Жабрланганларга етказилган зарарларни ундириш юзасидан тегишли чоралар кўрилиши мақсад қилинган.
2019 йил 7 декабрь санасида Ш.Ф.га нисбатан эълон қилинган айблов жиноят кодексининг савдо қоидаларини бузиш, расмий ҳужжатларни қасддан нобуд қилиш, сохта тадбиркорлик, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва нодавлат тижорат ташкилоти мансабдор шахси томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш жиноятлари учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан тўлдирилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосаси тузилиб, айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли суд идорасига мазмунан кўриб чиқиш учун бериш мақсадида, прокуратура идорасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан жамиятга қарашли Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилганди.
Кейинроқ унга жиноят кодексининг тегишли моддаси доирасида жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси