Россиянинг попугини пасайтириб қўйиш керак – Абдусаид Кўчимов (видео)

Жамият

image

Бизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайча ёки қашқирга қарши ўз жойида қатъий жавоб беришимиз, уларнинг попугини пасайтириб, ақлини киргизиб қўйишимиз шарт. Бу каби кескин фикрлар кеча, 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Сенатор Абдусаид Кўчимов томонидан билдирилди.

Кўчимов ўз нутқида ҳар қандай ташқи кучнинг васийлик даъволарини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаган. Унинг айтишича, бугунги мураккаб халқаро шароитда Ўзбекистон ўз манфаатларини қатъий ҳимоя қилиши лозим.

Сенатор нутқида давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасига тўхталиб, унда мамлакат тақдири ва тараққиётини белгилаб берувчи олтита устувор йўналиш белгиланганини қайд этган. Кўчимовга кўра, бу устувор йўналишлар янги Ўзбекистоннинг пойдеворини ташкил этади.

Абдусаид Кўчимов мурожаатномада кўтарилган масалалар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам акс-садо бераётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатнинг бир неча хорижий тилларга таржима қилиниб, эълон қилинаётгани унда илгари сурилган ғоялар бутун дунё учун долзарб эканини кўрсатади.

У нутқида шоир Абдулла Ориповнинг “Карвон¨ шеъри сатрларига ишора қилиб, миллат ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишда муросасизлик тамойилини таъкидлаган. 

“Карвонимизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайча ёки қашқирга қарши ўз жойида қатъий жавоб беришимиз, уларнинг попугини пасайтириб, ақлини киргизиб қўйишимиз шарт”, деган Сенатор. 

Абдусаид Кўчимов ўз сўзида Ўзбекистон ўзини меҳнати, ақли ва амалий ишлари билан танитишга ҳаракат қилаётганини қайд этган. Унга кўра, фақат бирлик ва қатъият билангина ташқи босимларга муносиб жавоб бериш ва кўзланган улкан мақсадларга эришиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Рус дунёси” мафкурасининг асосчиларидан бири ҳамда кремльпараст пропагандист Александр Дугин Собиқ СССР таркибида бўлган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллигини қабул қилиб бўлмаслиги ҳақида гапирганди.

Қолаверса, 10 январь куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин яна бир пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.

Соловьёвнинг фикрича, Россия ҳозир қайси ҳудудлар унга тегишли эканини аниқ ва қатъий айтиши лозим. Шунингдек, журналист бу ҳаракатлар йўлида худди Украинага қилинган юриш каби “махсус ҳарбий амалиёт” бошлаш зарурати борлигини айтган.

Орадан бир оз вақт ўтиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Соловьёвнинг Россия Марказий Осиё ва Арманистонга “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

Захарованинг қайд этишича, россиялик журналистнинг фикрлари расмий Москванинг позициясини кўрсатмайди ва журналист бу гапларни ўзининг каналида айтган, холос. Захарова расмий баёнотни ваколатли шахслар бериши ва диванда ётиб олиб гапирадиган таҳлилчиларнинг иши эмаслигини қўшимча қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Олий Мажлиси Сенати Абдусаид Кўчимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг