“Россияни енгиб, тафсилотларни сиз билан муҳокама қилмоқчиман”. Зеленский Трамп билан учрашди
Олам
−
27 Сентябрь
7275АҚШ президентлигига республикачилардан номзод Дональд Трамп Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Унда Трамп Украинадаги тўқнашувни тугатишда воситачи бўлишга ҳаракат қилишини айтиб, Россия етакчиси Владимир Путин билан “жуда яхши муносабатларга” эга эканини таъкидлади. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ва Украина Президенти Владимир Зеленский Нью-Йоркдаги Trump Tower’да учрашув ўтказган. Унда собиқ президент Украина етакчиси билан кўришиш катта шараф эканини таъкидлаб, Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатишда воситачи бўлишга ҳаракат қилишини билдирган.
“Биз иккала томон билан кўп ишлаймиз, бу масалани ҳал қилишга ҳаракат қиламиз”, дейди Трамп Россия Президенти билан яхши муносабатларга эга эканини таъкидлаб.
Ўз навбатида, Зеленский АҚШда президентликка ким номзод бўлишидан қатъий назар, Украинани қўллаб-қувватлашига умид билдирган. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар давом этаётган тўқнашув шароитида амалга оширилаётган ҳаракатлар бўйича хабардор бўлиши зарур.
CNN’нинг хабар қилишича, икки томон ўртасидаги учрашув чоғида Дональд Трамп вице-президент, демократлардан мамлакат президентлигига номзод Камола Ҳаррисга қарши бўлган сайлов баҳслари ҳақида гапириб, агар сайловда демократлар ютса, Зеленский ҳеч нарсада ғалабага эришолмаслигини айтган.
“Шунинг учун учрашиб, бу ҳақда муҳокама қиламиз. Агар биз ғалаба қозонсак, 20 январгача ҳар икки томон учун фойдали ечимга кела оламиз. Вақт келди”, деган Трамп.
Зеленский Трампга учрашув учун миннатдорлик билдириб, уларнинг охирги кўришганидан буён беш йил ўтганини эслаган ва Путинни тўхтатиш кераклиги бўйича уларнинг умумий қарашлари борлигига ишонаётганини маълум қилган.
“Менимча, бизда Украинадаги урушни тўхтатиш кераклиги ва Путин ғолиб бўлмаслиги ҳақида умумий фикр бор. Украина ғалаба қозониши керак ва мен сиз билан шу ҳақдаги тафсилотларни муҳокама қилмоқчиман”, деди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский Вашингтонда Байден ва Ҳаррис билан учрашган эди.
LiveБарчаси