Россияликларга ядровий ҳужум ҳақида хабарлар юборилди
Олам
−
15:25 1561 2 дақиқа
Украина ва Россияда аҳолини фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш учун мўлжалланган мобил иловаларга хакерлик ҳужуми уюштирилди. Оқибатда фойдаланувчиларга радиация ва кимёвий хавф, шунингдек, Россия томон учирилган ядро каллаклари ҳақидаги ёлғон хабарлар юборилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 1 ноябрь куни кечқурун Украинадаги “Повітряна тривога” (Ҳаво тревогаси) расмий иловасига рухсатсиз аралашув содир бўлган. Фойдаланувчиларга радиация ва кимёвий хавф мавжудлиги, шунингдек, Киев кўчаларида жанглар бошланиши мумкинлиги ҳақида ёлғон билдиришномалар келган.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари дастурга “душман таъсири” бўлган бўлиши мумкинлигини маълум қилган ва мамлакатда радиациявий хавф йўқлигини билдирган. Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати эса умумдавлат огоҳлантириш тизими одатдаги тартибда ишлаётганини таъкидлаган.
Кейинчалик илова ишлаб чиқувчилари ҳам унга рухсатсиз кирилганини тасдиқлаган. Улар пуш-билдиришномаларни ўчириб, хизмат фаолиятини вақтинча тўхтатган ва фойдаланувчиларни шубҳали хабарлардаги ҳаволаларга кирмасликка чақирган.
Бугун, 2 ноябрга ўтар кечаси илова фаолияти босқичма-босқич тиклана бошлаган. Ишлаб чиқувчиларнинг билдиришича, фойдаланувчилар яна ҳаво тревогаси ҳақидаги хабарларни қабул қила бошлаган, бироқ айрим функциялар вақтинча ишламаган. Шунингдек, компания фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари иловада сақланмаслигини маълум қилган.
Шунга ўхшаш киберҳужум Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг мобил иловасига ҳам уюштирилган. Вазирлик маълумотига кўра, хакерлар фойдаланувчиларга Россия томон ядро каллаклари учирилгани ҳақида ёлғон билдиришномалар юборган.
Билдирилишича, ҳозирда Россия вазирлиги мутахассислари тизимдаги заифликни бартараф этиш ва илованинг нормал ишлашини тиклаш устида ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Қуйи Новгород вилоятидаги “Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез” нефтьни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учрагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси01 Ноябрь
01 Ноябрь