Россиялик теннисчи энди Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади

Спорт

image

21 ёшли россиялик теннисчи Мария Тимофеева спорт фуқаролигини Россиядан Ўзбекистонга ўзгартирди. Бу ҳақда Аёллар теннис ассоциациясига (WTA) таяниб, “Ведомости” нашри хабар берди.

Сўнгги йилларда бир неча россиялик теннисчилар бошқа мамлакат фуқаролигини танламоқда. Жумладан, Александр Шевченко (Қозоғистон), Элина Аванесян (Арманистон), Варвара Грачева (Франция) ва Дария Касаткина (Австралия) спорт фуқаролигини ўзгартирган.

Россия теннис федерацияси президенти Шамиль Тарпищев аввалроқ 20 га яқин россиялик теннисчи фуқаролигини ўзгартириш учун мурожаат қилганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, федерацияда маблағ етишмаслиги спортчиларнинг бошқа давлатлар қўлловини излашига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда Тимофеева WTA рейтингида 146-ўринни эгаллаб турибди. У Россия теннисчилари орасида 14-поғонада қайд этилган. Унинг фаолиятидаги энг юқори кўрсаткич 2024 йил апрель ойида 93-ўрин бўлган. Бу натижага у 2023 йилда Будапештдаги WTA-250 турнири ғолиби сифатида эришган.

Тимофееванинг “Катта дубулға” турнирларидаги энг яхши натижаси 2024 йилги Австралия очиқ чемпионатга тўғри келади. У мусобақада тўртинчи босқичга қадар етиб борган. Шундан сўнг, у рейтингда пасайишни бошлаган ва 2025 йил июнь ойида 279-ўринга тушган. Бироқ кейинги ойлар давомида натижаларини яхшилаб, июлда W100, октябрда эса W75 турнирларида ғалаба қозонган. Тимофеева ҳозирга қадар фаолиятидан 800 минг долларга яқин мукофот пули, 2025 йилда эса тахминан 140 минг доллар  ишлаб топган.

Маълумот учун, 2023 йилда Россия теннис федерацияси букмекерлик идораларидан 1,79 миллиард рубль даромад олган бўлса, 2025 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 543 миллион рублгача камайган.


Мақола муаллифи

Теглар

WTA Мария Тимофеева Шамиль Тарпищев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг