Россиялик спортчи Польшада ҳибсга олинди
Олам
−
30 Июнь 2023
7481Польша ички хавфсизлик агентлиги Россия фуқароси бўлган хоккейчини Россия фойдасига жосуслик қилганликда айблаб ҳибсга олди. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни мамлакат Бош прокурори ва Адлия вазири Збигнев Зёбро ўзининг Twitter'даги саҳифасида маълум қилди.
“Спортчилик фаолияти ортида яширинган жосус қўлга олинди. Россиялик биринчи лиганинг хоккей клубида ўйнаган. Бу аллақачон биз ишлаб чиқаётган жосуслик тармоғининг ҳибсга олинган 14-аъзоси”, деб ёзган Зёбро.
Махсус хизматлар масалалари бўйича вазир-координатор матбуот хизматига кўра, россиялик хорижий разведка фойдасига Польшадаги бир нечта минтақаларда муҳим инфратузилмани ўрганиш бўйича топшириқларни бажарган.
Тергов маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахс 2021 йил октябрь ойидан бери Польшада бўлган. Прокурор уни уюшган жиноий гуруҳда иштирок этиш ва хорижий разведка учун ишлаганликда айблаган. Эркак 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Айни пайтда суд уни уч ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида Британиянинг Берлиндаги элчихонаси қўриқчиси Девид Смит Россия учун жосуслик қилгани аниқланган ва суд қилинган эди. Март ойида эса Польшада Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумон қилинган тўққиз киши қўлга олинди. Улар орасида Беларусь фуқаролари ҳам бўлган. Март ойи охирида Россия Федерал Хавфсизлик хизмати томонидан Екатеринбургда “The Wall Street Journal” газетаси мухбири Эван Гершковични жосусликда гумон қилиб ҳибсга олинди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15