Россиялик пранкерлар Польша Президентини чув туширди
Олам
−
23 Ноябрь 2022
14925Польша Президенти Анджей Дудани “Вован” ва “Лексус” номлари билан танилган россиялик пранкерлар телефон орқали чув туширди. Улар ўзини Франция Президенти Эмманюэль Макрон сифатида таништириб, Дуда билан бир неча дақиқа давомида суҳбатлашган. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди.
Анджей Дуда ҳамда Владимир Кузнецов ва Алексей Столяров ўртасидаги суҳбат жорий йилнинг 15 ноябрь куни Польшага тушган ракета ҳақида кечган. Телефон гўшагини кўтарган Анджей Дуда суҳбатдоши Франция Президенти Эмманюэль Макрон деб ўйлаб, қўнғироқ учун миннатдорлик билдирган ва вазият ҳақида ахборот берган. Дуда куннинг иккинчи ярмида мамлакатга шарқдан ракета келиб тушгани ва ушбу ракета Россия томонидан йўлланган деган эҳтимол борлигини айтган. Шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленский ва АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон суҳбатлари тафсилотлари ҳақида баён қилган ва Россия билан уруш бўлишини хоҳламаслигини айтган. Суҳбат етти дақиқадан кўпроқ давом этган.
Орадан бир неча кун ўтиб, интернет тармоғида суҳбатнинг аудио ёзуви эълон қилинганидан сўнг Польша Президенти девони Twitter'да баёнот берган ва ушбу суҳбат ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтгани тасдиқланган. Бу шахслар қандай қилиб Президент билан боғланишга муваффақ бўлгани текширилиши маълум қилинган.
“Пшеводувдаги ракета портлашидан сўнг давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан давом этаётган қўнғироқлар чоғида Франция Президенти Эмманюэль Макрон деб даъво қилган шахс боғланди. Қўнғироқ пайтида Президент Анджей Дуда суҳбатдоши, суҳбатни ғайриоддий тарзда олиб боришидан бу сохта қўнғироқ бўлиши мумкин эканини тушунди ва суҳбатни тўхтатди”, дейилади девонхона хабарида.
Маълумот ўрнида, Бу “Вован” ва “Лексус”нинг Дуда билан илк суҳбати эмас. Улар 2020 йилда ҳам Польша Президентига БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш сифатида қўнғироқ қилган ва Президентлик сайловларидаги ғалаба билан табриклаган эди. “Вован” ва “Лексус” Россияда машҳур шахслар ва сиёсатчиларни телефон қўнғироқлари орқали нишонга олиши билан танилган. Бундан аввал улар Президент Макрон, британиялик қўшиқчи Элтон Жон, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон ва бошқалар билан телефон орқали боғланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 ноябрь куни Польша шарқида, Украина билан чегарада жойлашган Пшеводув (Люблин водийси) қишлоғига ракета қулаб тушди ва икки киши ҳалок бўлди. Мамлакат Президенти Анжей Дуданинг сўзларига кўра, бу Польшага атайлаб қилинган ҳужум эмас. Варшавада маълум бўлишича, 1970-йилларда ишлаб чиқарилган С-300 типидаги зенит-ракета тизимининг ракетаси Украина ракетага қарши мудофаа/ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари томонидан ишлатилган.
Польша ҳукумати 16 ноябрга ўтар кечаси Хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси йиғилишини ўтказди. Бундан ташқари, Варшава НАТО, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан маслаҳатлашди. Дуда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Польша ҳукумати ҳам турли даражадаги ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда. Польша ҳукумати барча хизматларни юқори шай ҳолатга келтириш ва ҳаво ҳудуди мониторингини кучайтиришга қарор қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Польша оммавий ахборот воситалари ва расмийларининг Россия ракеталари қулагани ҳақидаги баёнотларини провокация деб атади ва Украина-Польша чегараси яқинида Россия қуролларининг зарбалари йўқлигини айтди.