Дунё остин-устун бўляпти. Польшага Россиядан отилган иккита ракета тушгани айтилмоқда

Олам

image

Кеча, 15 ноябрь куни тушдан кейин Россия армияси Украинага йирик ракета ҳужуми уюштирган пайтда Польша ҳудудига иккита ракета тушди. Ракеталар Украина билан чегарадан беш километр узоқликда жойлашган Люблин воеводалиги (Польшадаги энг йирик маъмурий бирлик)нинг Пшеводув қишлоғи ҳудудига тушди. Бу ҳақда Польшанинг ZET радиоси биринчи бўлиб хабар берди. Унинг сўзларига кўра, ракеталар дон қуритгичга тегиб, икки киши ҳалок бўлган. 

"Lublin112" нашрининг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан 15:35 да ракета қулагач портлаш содир бўлган. 

АҚШ разведка хизматининг юқори мартабали ходими “Associated Press” агентлигига Россия ракеталари Польша ҳудудига тушгани тахмин қилинганини айтди. 

“Пентагонда Россия ракеталари Полша ҳудудига тушганини тасдиқловчи маълумотлар ҳозирча йўқ”, дейди АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили.

Оқ уй маълумотни ўрганаётганини айтди. 

Чехия мудофаа вазири Яна Чернохованинг айтишича, ракеталар Польша ҳудудига тушгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланган. Шу билан бирга, Латвия Мудофаа вазири Артис Пабрикс “Жиноятчи Россия режими” “Польшадаги НАТО ҳудудига тушиб қолган” Украинага қарши ракеталар отганини айтди. Латвия Бош вазири Кришьянис Кариньш 16 ноябрь куни эрталаб ҳукумат бу масала бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказишини айтди. Эстония Ташқи ишлар вазирлиги Польша билан бирдамлик ва “НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга” тайёрлигини билдирди. Польша расмийлари ракета ҳужуми ҳақидаги маълумотга расман изоҳ бермади. 

Украина Қуролли Кучлари томонидан уриб туширилган Россия ракетасининг парчаси Польшада қулаган деган версия мавжуд. Бу ҳақда биринчи бўлиб ZET журналисти Мариуш Гершевский ўз манбаларига таяниб айтди. Бошқа манбалар бу маълумотни ҳали тасдиқламади. Россиянинг кремлпараст Mash нашри Поьлша ҳудудига С-300 ракетасининг бўлаги – "Украина Қуролли Кучларида хизмат қилаётган ракетага қарши мудофаа қуроли" қулагани ҳақида хабар берди. Ижтимоий тармоқларда самолёт вайроналари сурати эълон қилинди – бу ҳақиқатан ҳам С-300 нинг парчаси, аммо сурат қаерда ва қачон олингани номаълум. Россиянинг РИА Новости тарғибот агентлиги ҳам ҳарбий экспертга таяниб, Украинанинг С-300 ракеталари Польшага кириб келиши мумкинлигини ёзмоқда. Польшанинг “Rzeczpospolita” газетасининг ёзишича, ҳукуматдаги манбага кўра, расмийлар кимнинг ракетаси мамлакат ҳудудига тушганини текширмоқда. 

Польша ҳукумати матбуот котиби Петр Мюллер, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий ҳукуматнинг хавфсизлик ва мудофаа қўмитасининг фавқулодда йиғилишини “инқирозли вазият туфайли” чақирганини маълум қилди. 

“Тасдиқланмаган маълумотни ҳозирча эълон қилмасликка чақираман, биз бу ҳақда ҳозир бўлиб ўтадиган учрашувдан кейин изоҳ берамиз”, дейди Мюллер 15 ноябрь оқшомида.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Польша ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётларини Томашув-Мазовецки аэродромидан олиб чиққан. 

“Польшанинг айрим ҳарбий қисмларида жанговар шайлик оширилди”, дейди Польша ҳукумати.  

Президент Анжей Дуда ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг музокара ўтказди. Польша ҳукумати НАТОнинг 4-моддасини фаоллаштириш зарурлигини текширишга қарор қилди, унга кўра томонлар улардан бирортасининг фикрича, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлиги хавф остида бўлса, ҳар доим бир-бирлари билан маслаҳатлашадилар. 

“НАТО иттифоқчилари Польшадаги воқеа юзасидан маслаҳатлашмоқда, барча фактлар аниқланиши керак”, дейди НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг. 

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Россия ракеталарининг қулаши ҳақидаги хабарларни “вазиятни кучайтириш учун атайлаб қилинган провокация” деб атади.

“Украина-Польша давлат чегараси яқинидаги нишонларга Россия томонидан йўқ қилиш воситалари билан зарбалар берилмаган. Польша оммавий ахборот воситалари томонидан Пшеводув қишлоғидаги воқеа жойидан эълон қилинган парчаларнинг Россия қуролларига ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейди Россия вазирлиги. 

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Ведант Патель Россия Мудофаа вазирлиги баёнотини изоҳлар экан, “АҚШ аниқ вазиятни кескинлаштиришга ёки қандайдир тарзда вазиятни қўзғатишга уринмаяпти”, деди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар НАТО иттифоқчилари “ёнида туришга” тайёр, бироқ ҳозирча фаразий сценарийларни муҳокама қилишни истамаяпти. 

Украина Президенти Владимир Зеленский Польшадаги портлашни изоҳлар экан, террор Украинанинг давлат чегараларимиз билан чегараланиб қолмаганини айтди. 

“Россия ракеталари Польшага зарба берди. Украина, террорчи давлат бизнинг мамлакатимиз билан чегараланмаслигини неча марта айтди? Россия террори давом этиши вақт масаласидир”, дейди Зеленский урушнинг 265-кунидан кейин қилган видеомурожаатида. 

Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак, ўз навбатида, россияликлар “Украинада тўхташ ҳақида ўйламаслигини” айтди. Ермакнинг маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг таъкидлашича, Польшада ракеталарнинг қулаши "хато" ниқоби остида Россия Федерациясидан "режалаштирилган" салом бўлган. 

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “ Россиянинг исталган ракеталарини тутиб олиш учун” Украинани замонавий самолётлар ва ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақирди.  

“Бугунги кунда Украина осмонини ҳимоя қилиш НАТОни ҳимоя қилиш демакдир”, дейди вазир.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Польшага қулаган ракета

Баҳолаганлар

223

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг