Россиялик депутат Ҳиндистонда вафот этди
Олам
−
27 Декабрь 2022
9499Россия Федерациясининг Владимир вилояти, Қишлоқ хўжалиги, атроф муҳит ва экология қўмитаси раиси, депутат ва тадбиркор Павел Антов Ҳиндистонда вафот этди. Бу ҳақда кеча, 26 декабрь куни “РИА Новости” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 65 ёшли Павел Антов Ҳиндистоннинг Одиша штатидаги меҳмонхонанинг учинчи қаватидан йиқилиб ҳалок бўлган. Эътиборлиси, 22 декабрь куни унинг ҳамроҳи Владимир Биданов ҳам айни шу меҳмонхонадаги ўз номерида ҳушсиз ҳолда топилган ва кейинроқ вафот этган. Шунга қарамай, Россиянинг Калькуттадаги бош консуллиги икки нафар россиялик фуқаро ўлимида маҳаллий полиция томонидан жиноят аломатлари аниқланмаганини маълум қилди.
Ҳиндистон полицияси россиялик депутат ўлими бўйича турли хил тахминлар устида изланиш олиб борган ва уни тасодиф туфайли меҳмонхона айвонидан йиқилиши оқибатида ўлим топган, деган тахминни илгари сурган.
“Currenttime” нашри хабарига кўра, Владимир Биданов кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиши оқибатида шифохонада жон берган.
Маълумот ўрнида, 2019 йилда “Forbes” журнали 100 нафар энг бой россиялик давлат хизматчилари рейтингини эълон қилган ва унда “Владимирский стандарт” компаниялар гуруҳи таъсисчиси Павел Антов қарийб 10 миллиард рубль билан 1 ўринга лойиқ кўрилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь