Россияга ишлаш учун энг кўп ўзбекистонликлар боргани маълум бўлди
Олам
−
19:42 1570 1 дақиқа
Жорий йилнинг биринчи ярмида 1,1 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Россияга ишлаш мақсадида кириб, бу кўрсаткич бўйича бошқа давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда кеча, 26 октябрь куни ТАСС хабар берди.
Нашр Россия чегарасидан ўтишга оид маълумотлар билан танишиб, жорий йилнинг январь–июнь ойларида 1 млн 178 минг 609 нафар Ўзбекистон фуқароси ишлаш мақсадида Россияга кирганини аниқлаган.
Рейтингда иккинчи ўринни Тожикистон фуқаролари эгаллаган. Ҳисобот даврида ушбу давлатдан 494 минг 518 киши Россияга ишлаш учун борган. Қирғизистон фуқаролари 289 минг 61 киши билан учинчи ўриндан жой олган.
Шунингдек, Россияга ишлаш мақсадида Қозоғистондан 122 минг 654 нафар, Хитойдан 89 минг 656 нафар, Арманистондан 88 минг 629 нафар, Озарбайжондан 62 минг 440 нафар, Ҳиндистондан 27 минг 419 нафар, Туркманистондан 13 минг 428 нафар ва Туркиядан 8 360 нафар фуқаро кирган.
Маълумотларга кўра, Россияда ишлаш учун айрим давлатлар фуқароларига иш визаси ва рухсатнома талаб этилади. Хитой, Ҳиндистон, Туркманистон ва Туркия фуқаролари ушбу тартибга амал қилиши керак.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбайжон фуқаролари Россияда ишлаш учун патент олиши лозим. Қирғизистон, Қозоғистон ва Арманистон фуқаролари эса патент олишдан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ куни Россиянинг Новосибирск вилоятида миграция қоидаларини бузган 32 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси